Тошкент вилояти ва Fruitimprese Римда aгроэхпортни муҳокама қилишди
Тошкент вилояти ва Fruitimprese Римда aгроэхпортни муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги вилоят делегацияси Испания Қироллигига хизмат сафарини якунлаб, Италиянинг Рим шаҳрида ҳамкорлик йўналишидаги учрашув ва музокараларни бошлади.
Хусусан, делегациясининг Италия Республикасига амалий ташрифи кун тартиби доирасида Рим шаҳрида Fruitimprese ташкилоти раҳбарияти ва аъзо компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Вилоят делегациясини Италия мева-сабзавот соҳасидаги таниқли тадбиркор ва Fruitimprese уюшмаси раҳбари Марко Салви самимий қарши олди.
Мазкур ташкилот Италиянинг мева-сабзавот маҳсулотлари импорти ва экспорти соҳасидаги энг йирик мустақил тармоқ ассоциацияларидан бири бўлиб, 1949 йилда ташкил этилган. Бугунги кунда Fruitimprese сафида 300 дан ортиқ етакчи импортёр, экспортёр ва агробизнес компаниялари фаолият юритмоқда.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Италия ўртасида аграр соҳадаги савдо-иқтисодий алоқаларни янада кенгайтириш, хусусан, мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти, замонавий агрологистика, қайта ишлаш саноати ва инвестиция ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.
Зойир Мирзаев Тошкент вилоятида қишлоқ хўжалиги, жумладан, мева-сабзавотчилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш, агрокластерлар ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, Италия томони билан маҳсулотларни сақлаш, саралаш, қадоқлаш ва логистика тизимларини жорий этиш, Европа Иттифоқи бозори талабларига мувофиқ санитария ва сертификатлаш йўналишларида тажриба алмашиш муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Музокараларда Fruitimprese ташкилоти раҳбари Марко Салви Италия мева-сабзавотчилик тармоғида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, янги бозорларга чиқиш ва инновацион ёндашувларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. У Ўзбекистоннинг аграр салоҳияти, экспорт имкониятлари ва қайта ишлаш тармоғидаги истиқболли лойиҳалари Италия бизнес доираларида катта қизиқиш уйғотаётганини қайд этди.
Томонлар мазкур мулоқот Италия билан Ўзбекистон, шу жумладан, Тошкент вилояти ўртасидаги агросаноат ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиши, икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасида мустаҳкам ва узоқ муддатли шериклик муносабатларини шакллантиришга хизмат қилишини таъкидладилар.