Ўзбекистон Grapa Global билан узумчилик лойиҳаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон Grapa Global билан узумчилик лойиҳаларини муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев АҚШнинг “Grapa Global” компанияси президенти Шачар Карниел билан учрашди.
Мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш, узумчилик соҳасида замонавий ёндашувларни жорий этиш ҳамда экспортбоп маҳсулотлар етиштириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Хусусан, АҚШ компанияси вакиллари Ўзбекистонда данаксиз узум навларини етиштириш бўйича ўз таклифларини илгари сурди. Таъкидланганидек, лойиҳа доирасида замонавий агротехнологиялар асосида юқори ҳосилдор ва экспорт талабларига мос узум навларини парваришлаш, кейинчалик эса уларни халқаро бозорларга экспорт қилиш режалаштирилмоқда.
Учрашувда Ўзбекистоннинг қулай иқлим шароити, қуёшли кунларнинг кўплиги ҳамда узумчилик бўйича бой тажрибаси ушбу йўналишни ривожлантириш учун катта имконият яратиши қайд этилди. Шунингдек, мазкур ташаббус янги иш ўринлари яратиш, экспорт ҳажмини ошириш ва маҳаллий фермерларнинг даромадини кўпайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Ўз навбатида Қаҳрамон Юлдашев Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ваколатлари доирасида ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлашга, инвесторлар ва хорижий ҳамкорлар учун қулай шароитлар яратишга тайёр эканини билдирди.
Музокаралар якунида томонлар истиқболли лойиҳалар юзасидан аниқ таклифлар ишлаб чиқиш, ҳамкорликни босқичма-босқич кенгайтириш ҳамда келгусида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувга эришди.