Фарғона вилояти Fly Sky Technology билан лойиҳаларни муҳокама қилди
Фарғона вилояти Fly Sky Technology билан лойиҳаларни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Хитойнинг “Fly Sky Technology” компанияси директори Чжоу Цзункоуни қабул қилди.
Учрашувда қуёш панелларини тозалашга мўлжалланган интеллектуал роботлар ҳамда дастурий таъминот тизимларини ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги соҳасида фойдаланиш учун замонавий учувчисиз учиш қурилмалари — дронлар ишлаб чиқариш бўйича инвестиция лойиҳа таклифлари ҳақида ҳам маълумот берилди.
Айни пайтда мазкур йўналишлардаги маҳсулот ва технологияларга талаб юқори экани қайд этилди.
Ушбу замонавий лойиҳалар доирасида малакали мутахассислар тайёрлаш, янги иш ўринларини яратиш ва ёшларни юқори технологияли соҳаларга жалб этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Лойиҳалар ҳудудда юқори технологияли саноатни ривожлантириш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда қишлоқ хўжалигида замонавий рақамли ечимларни кенг қўллашга хизмат қилиши таъкидланди.
Мулоқотда таклиф қилинаётган лойиҳалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди ва келгусидаги ҳамкорлик масалалари келишиб олинди.