Ўзбекистон ва Покистон тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Покистон тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 14 май куни Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида Покистон Ислом Республикасининг Трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмаси (Hosiery Manufacturers and Exporters Association) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Покистон томонига мамлакатимизда хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ҳақида батафсил маълумот берилди. Айниқса, солиқ ва божхона имтиёзлари, замонавий инфратузилма ҳамда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг амалдаги механизмларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Покистонлик тадбиркорлар сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар жадал ривожланаётганини эътироф этдилар. Қўшма лойиҳаларни амалга оширишда тўқимачилик ва чарм саноати, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, озиқ-овқат ва электротехника соҳалари энг истиқболли йўналишлар сифатида қайд этилди.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва режалаштирилган инвестициявий ташаббусларни ҳаётга татбиқ қилишнинг амалий босқичига ўтиш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгилаб олдилар.