Ўзбекистон Сенати электрон тижорат учун янги ҚҚС қоидаларини тасдиқлади

Ўзбекистон Сенати электрон тижорат учун янги ҚҚС қоидаларини тасдиқлади

Ўзбекистон Сенати электрон тижорат учун янги ҚҚС қоидаларини тасдиқлади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 15-ялпи мажлисида сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига электрон тижорат соҳасини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонунни муҳокама қилди.

Таъкидланганидек, мамлакатимизда сўнгги йилларда замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этиш, электрон тижорат соҳасини ривожлантириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, рақамли технологияларнинг жадал ривожланиши электрон тижорат иштирокчилари учун электрон тижорат маконини яратишни, соҳада адолатли рақобат шароитини яратишни ҳамда электрон тижорат иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.

Мазкур Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ҳамда “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонунига электрон тижорат соҳасида тўловларни, трансчегаравий электрон тижоратни амалга оширишнинг, рақамли маҳсулотлар экспорти ва импортининг ўзига хос хусусиятларини белгилашни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Шунингдек, электрон тижорат операторларининг мажбуриятлари доирасида истеъмолчи олдида сотувчи жавобгар бўладиган ҳолатлар ёки сотувчи томонидан истеъмолчининг қонуний талабларини қондириш имконияти бўлмаган тақдирда, электрон тижорат операторининг истеъмолчи олдида субсидиар жавобгарлик меъёри белгиланмоқда.

Сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, бунинг натижасида истеъмолчининг хавфсиз онлайн савдо хизматларидан кенг фойдаланиши таъминланади. Бундан ташқари, Қонун нафақат электрон савдони тартибга солиш, балки электрон савдо бозорида шаффофликни ошириш, халқаро стандартларга мос ҳуқуқий база яратишга хизмат қилади.

Сенаторларнинг фикрича, ушбу чора-тадбирлар татбиқ этилиши маҳаллий ва хорижий сотувчилар ўртасида адолатли рақобат шароитини таъминлашга, трансчегаравий электрон тижорат шиддат билан ривожланаётган даврда солиқ тушумлари йўқолишининг олдини олишга ҳамда маҳаллий электрон савдо платформаларини солиқ агентлари сифатида жалб этиш орқали солиқ тушумларини таъминлаш жараёнларини енгиллаштиришга қаратилган.

Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг