Ўзбекистон фуқаролари Бангкокдаги ҳалокатда жабрланмади
Ўзбекистон фуқаролари Бангкокдаги ҳалокатда жабрланмади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Таиланд пойтахти Бангкок шаҳрида 16 май куни юк поезди ва йўловчи автобуси тўқнашуви содир бўлди. Расмий маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида саккиз киши ҳалок бўлган ва 33 нафар инсон жароҳат олган. Бу ҳақда маҳаллий фавқулодда хизматлар ва тиббиёт муассасалари хабар қилди.
17 май ҳолатига кўра, жабрланганларнинг 15 нафари шифохоналардан жавоб берилган, 18 киши эса даволанишда давом этмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳалок бўлган икки киши Таиланд фуқароси ҳисобланади.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Бангкокдаги Police General Hospital суд-тиббий бўлими маълумотларига таяниб, жабрланганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари аниқланмаганини маълум қилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг Таиланддаги дипломатик ва консуллик муассасалари вазиятни кузатишда давом этмоқда ҳамда маҳаллий ҳокимият органлари билан алоқада бўлиб турибди.
Ташқи сиёсат идораси ҳодиса Ўзбекистон консуллик хизматларининг доимий назоратида эканини ҳам билдирди.
Зарур ҳолатларда фуқароларга тезкор алоқа учун Ўзбекистоннинг Бангкок шаҳридаги Бош консулхонаси телефон рақамлари тақдим этилди.
+66-2 675-3995
+66-2 675-3996