Тошкентда 912 та ЙҲҚ бузилишига йўл қўйган Matiz аниқланди
Тошкентда 912 та ЙҲҚ бузилишига йўл қўйган Matiz аниқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳрида Мажбурий ижро бюроси ходимлари 2024 йил апрелидан буён мунтазам равишда йўл ҳаракати қоидаларини бузиб келган Chevrolet Matiz автомобилини аниқлади. Ушбу давр мобайнида транспорт воситаси эгасига нисбатан умумий қиймати 311 миллион сўмдан ортиқ бўлган 912 та маъмурий жарима расмийлаштирилган.
Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, ҳайдовчи узоқ вақт давомида йўл ҳаракати қонунчилиги талабларини эътиборсиз қолдириб, ёзилган жарималарни тўламаган. Натижада қарздорлик миқдори ортиб борган. Тўпланган қоидабузарликлар сабабли автомобиль қидирувга берилган.
15 май куни тезкор-қидирув ва ижро ҳаракатлари давомида тегишли хизматлар ходимлари транспорт воситасини аниқлаб, жарима майдончасига жойлаштирди.
Фаррух Тошпўлатовнинг таъкидлашича, қайд этилган қоидабузарликлар сони бўйича ушбу ҳолат ҳозирча ўзига хос рекорд ҳисобланади.