Сенат Ўзбекистондаги фавқулодда вазиятни мониторинг қилиш бўйича ҳисобот сўради
Сенат Ўзбекистондаги фавқулодда вазиятни мониторинг қилиш бўйича ҳисобот сўради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 15-ялпи мажлисида Вазирлар Маҳкамасига мамлакатимизда табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш масала кўриб чиқилди.
Мажлисда таъкидланганидек, сўнгги йилларда аҳоли ва ҳудудларни табиий офатлар ҳамда техноген авариялардан муҳофаза қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор фармон ва қарорлар қабул қилиниб, фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш тизими янги босқичга олиб чиқилмоқда.
Шу билан бирга, амалга оширилган таҳлиллар соҳада қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатди. Жумладан, фавқулодда вазиятлар мониторинги, ахборот алмашинуви ва прогнозлаш тизимини тўлиқ йўлга қўйиш, идоралараро интеграцияни таъминлаш, илмий-тадқиқот фаолиятини ривожлантириш ҳамда малакали кадрлар билан таъминлаш масалалари долзарблигича қолмоқда.
Қайд этилганидек, 2025 йил давомида мамлакатимизда 82 та фавқулодда вазият юз бериб, улар оқибатида инсонлар ҳалок бўлган ва жароҳатланган. Шунингдек, ёнғинлар ва газ-ҳаво аралашмалари чақнаши билан боғлиқ ҳолатлар сони ҳам ошгани ташвиш уйғотмоқда.
Сенаторлар ўз чиқишларида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, уларни барвақт аниқлаш ва оқибатларини камайтириш бўйича ишлар самарадорлигини ошириш зарурлигига алоҳида эътибор қаратди.
Муҳокама якунида Сенатнинг Вазирлар Маҳкамасига мамлакатимизда табиий, техноген ва экологик хусусиятли фавқулодда вазиятлар мониторинги ҳолати юзасидан парламент сўрови юбориш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.