Сенат Болалар Омбудсманининг 2025 йилги ҳисоботини кўриб чиқди
Сенат Болалар Омбудсманининг 2025 йилги ҳисоботини кўриб чиқди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ялпи мажлисида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Болалар омбудсманининг) 2025 йилда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя этилиши ҳолати ҳақидаги маърузаси кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, 2025 йилда Болалар омбудсмани номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслар томонидан 1 934 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 509 таси ижобий ҳал қилинган ҳамда 708 таси бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.
Мурожаатлар энг кўпи Тошкент шаҳри (470 та), Сурхондарё (254 та) ва Тошкент вилоятлари (236 та) ҳиссасига тўғри келади.
Шунингдек, 2025 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг 35 та шахсий қабулида 141 нафар фуқаро мурожаати кўриб чиқилган.
Мурожаатлар таҳлили ва мониторинг фаолияти асосида давлат органлари томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилишига йўл қўйилганлиги юзасидан 3 та огоҳлантириш, 6 та тақдимнома, 25 та хулоса ва 3 та суд ҳужжати устидан протест келтириш тўғрисида илтимоснома киритилган.
Мурожаатларни ўрганиш натижасида аниқланган болаларга нисбатан содир этилган зўравонлик ҳолатлари юзасидан 19 та жиноят иши ҳамда 26 та маъмурий иш қўзғатилган. Бундан ташқари, 20 та жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақида қарор бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув олиб бориш учун юборилган.
Интернет тармоғида ўтказилган мониторинг натижасида аниқланган бола ҳуқуқларининг бузилишига оид ҳолатлар юзасидан 23 та жиноят иши ҳамда 28 та маъмурий иш қўзғатилиши таъминланган.
Таълим муассасаларида болага жисмоний жазо қўллаганлиги, ўз касбий фаолиятига совуққонлик билан қараганлиги учун 15 нафар педагог ходимга маъмурий жазо, болага қўпол муомалада бўлганлиги учун эса 6 нафар педагог ходимга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. Шунингдек, болага оид қонунчилик бузилишига йўл қўйганлик учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органнинг 2 нафар ходимига нисбатан интизомий жазо қўлланилган.
Сенаторлар томонидан бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар ҳамда бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя этилиши юзасидан қатор фикр ва таклифлар билдирилди.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.