Ўзбекистонда Tracker автомобилидан қарийб 9 кг гашиш мусодара қилинди
Ўзбекистонда Tracker автомобилидан қарийб 9 кг гашиш мусодара қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наркотик воситаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ходимлари Тошкент вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказди.
Йўл-патруль хизмати назорат-ўтказиш пунктида Тошкент – Фарғона йўналиши бўйлаб ҳаракатланаётган Tracker автомобили тўхтатилди.
Транспорт воситаси кўздан кечирилганда ҳайдовчи — 1990 йилда туғилган, аввал босқинчилик жинояти учун судланган Фарғона вилояти яшовчисида шахсий истеъмол учун мўлжаллангани тахмин қилинган 1,72 грамм наркотик модда аниқланди.
Автомобилни кейинги текширув жараёнида багажхонадан гашиш сифатида идентификация қилинган 8 килограмм 913 грамм модда топилиб, мусодара қилинди.
Дастлабки тергов маълумотларига кўра, гумонланувчи аввал контрабанда йўли билан Тошкент вилоятига олиб кирилган наркотик воситаларни қабул қилиб олган ва яшаш манзили томон ҳаракатланаётган бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.