Бухоро вилоятида янги йирик кўл пайдо бўлди
Бухоро вилоятида янги йирик кўл пайдо бўлди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Бухоро вилоятида, Пешку туманининг Ғазли шаҳарчасидан шимолдаги ҳудудда сўнгги ярим йил ичида йирик сув ҳавзаси шаклланди. Ўзбекистон Экологик партияси маълумотларига кўра, унинг пайдо бўлишига иқлимий меъёрдан анча юқори бўлган ёғингарчиликлар сабаб бўлган.
Янги кўл аввал сувсиз ҳудуд ҳисобланган «Шўрбулоқ» массиви ҳудудида пайдо бўлди. Унинг майдони тахминан 80 квадрат километрга баҳоланмоқда.
Хабар қилинишича, кўл ўз кўлами жиҳатидан Бухоро шаҳри майдонидан анча катта бўлиб, мамлакатнинг йирик гидрологик объектлари, жумладан Чорвоқ сув омбори билан таққосланди.
Мутахассислар маълумотларига кўра, кўлнинг шаклланиши фақат табиий омиллар билан боғлиқ эмас. Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудда балиқчиликни ривожлантириш дастурлари доирасида каналлар қурилган бўлиб, улар орқали атроф ҳудудлардан ер ости сувлари сув ҳавзасига йўналтирилмоқда.
Кўлни сув билан таъминлайдиган коллектор каналининг умумий узунлиги тахминан 126 километрни ташкил этади. Қўшимча сув оқими ва кучли ёғингарчиликлар биргаликда сув массасининг тез тўпланиши ҳамда янги сув ҳавзасининг шаклланишига олиб келди.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, чўл ҳудудида бундай йирик кўлнинг пайдо бўлиши ижобий таъсирлар билан бирга муайян хавфларни ҳам келтириб чиқариши мумкин. Жумладан, экотизим ва ҳудуднинг сув мувозанатида ўзгаришлар юз бериши эҳтимоли мавжуд.