Ўзбекистонда рухсатсиз ўрнатилган банкоматлар демонтаж қилинмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда рухсатсиз ўрнатилган банкоматларни аниқлаш ва демонтаж қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бу ҳақда Кадастр агентлиги директори ўринбосари Мирсаид Мирмаксудов 24 март куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, агентлик Марказий банк билан ҳамкорликда банкоматларнинг қонуний жойлаштирилиши юзасидан доимий мониторинг ўтказмоқда. Аниқ сонлар келтирилмаган бўлса-да, Мирмаксудов бу йўналишда тизимли ишлар давом эттирилаётганини таъкидлади.
Кадастр агентлиги матбуот котиби Неъматжон Атамуратов қайд этишича, ерга нисбатан назорат агентликнинг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. 2024 йилда 66 мингдан ортиқ ер қонунчилиги бузилиши ҳолатлари қайд этилган, шу жумладан, банкоматларни ноқонуний ўрнатиш ҳолатлари ҳам учраган.
2025 йил 1 март ҳолатига кўра, Ўзбекистонда 32 265 та банкомат ва инфокиоск мавжуд. Улардан:
15 855 таси тўлов ташкилотларига (Paynet, Oson ва бошқалар) тегишли,
500 таси "ЎзИнкассация" бирлашмасига,
қолганлари эса тижорат банклари томонидан ўрнатилган.
Энг кўп банкоматлар қуйидаги банкларга тегишли:
Халқ банки – 3064 та,
Агробанк – 2166 та,
Капиталбанк – 1481 та.
Кадастр агентлиги қонунбузарликларни аниқлаш ва ноқонуний объектларни демонтаж қилиш ишлари давом эттирилишини маълум қилди.