Ўзбекистон ва Беларус икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Беларус икки томонлама муносабатларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Олимжон Абдуллаев Минск шаҳрида Беларус Республикаси ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Сергей Лукашевич билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон–Беларус муносабатларининг ҳозирги ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Олий даражада эришилган келишувлар икки томонлама ҳамкорликни янги мазмун билан бойитаётгани қайд этилди.
Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперацияси лойиҳаларини илгари суриш, транспорт-логистика алоқаларини ривожлантириш, шунингдек, таълим, маданият ва гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни чуқурлаштириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Шу билан бирга, консуллик-ҳуқуқий соҳадаги икки томонлама ҳамкорлик масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, миграция соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, икки мамлакат консуллик муассасалари ўртасида тўғридан-тўғри ҳамкорлик механизмларини йўлга қўйиш юзасидан фикр алмашилди.
Жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган бўлажак тадбирлар жадвали юзасидан ҳам фикр алмашилди.