Ўзбекистон Сенати маҳаллий Кенгашларнинг ваколатларини кучайтирди
Ўзбекистон Сенати маҳаллий Кенгашларнинг ваколатларини кучайтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда халқ ҳокимиятини тўлақонли рўёбга чиқариш ҳамда давлат бошқарувида маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш ислоҳотларнинг устувор йўналиши ҳисобланади. Сўнгги йилларда маҳаллий Кенгашларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳолини ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича ваколатлари тобора кенгайиб бормоқда.
Мазкур Қонун билан маҳаллий вакиллик органлари фаолиятида бошқарувни тизимли ташкил этиш ва ижро ҳокимияти устидан парламент назоратининг ҳудудий шаклларини такомиллаштиришга қаратилган қатор ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида Кенгаш раиси ўринбосари институти жорий этилмоқда. Эътиборли жиҳати, ушбу лавозимдаги шахс бир вақтнинг ўзида Кенгаш котибияти мудири ваколатларини ҳам амалга оширади. Унга котибият ходимларини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш ваколатининг берилиши Кенгаш аппаратининг маҳаллий ижро ҳокимиятидан тўлиқ мустақил бўлишини таъминлайди.
Маҳаллий Кенгашлар фаолиятининг узлуксизлигини таъминлаш, сессиялар оралиғида ишларни самарали мувофиқлаштириш мақсадида Кенгаш Раёсати ташкил этилмоқда. Раёсат таркибига Кенгаш раиси, унинг ўринбосари, доимий комиссиялар раислари ва сиёсий партиялар гуруҳлари раҳбарлари киритилиши белгиланмоқда.
Илк бор маҳаллий давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг депутатлар саволларига жавобларини эшитишга қаратилган “Кенгаш соати” институти жорий этилмоқда. Бунда депутатлар аҳолини қийнаётган шошилинч масалалар юзасидан мутасаддилардан тезкор жавоб олиш имкониятига эга бўлади. Кечиктириб бўлмайдиган ҳолларда ушбу масала Раёсатда кўриб чиқилиши ва кейинчалик сессияда тасдиқланиши мумкин.
Сенаторлар таъкидлаганидек, мазкур Қонун маҳаллий ҳокимият тизимида демократик тийиб туриш ва мувозанат механизмларини қарор топтиришда муҳим ҳуқуқий асос ҳисобланади.
Қонуннинг қабул қилиниши маҳаллий Кенгашларнинг ижтимоий мавқеини оширишга, ҳудудий муаммоларни ҳал этишда вакиллик назоратининг таъсирчанлигини кучайтиришга ҳамда давлат ҳокимияти тизимида тийиб туриш ва мувозанат сақлаш механизмини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.