Ўзбекистон Сенати гиёҳванд моддаларга оид қоидаларни кучайтирди
Ўзбекистон Сенати гиёҳванд моддаларга оид қоидаларни кучайтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Олий Мажлис Сенатининг 15-ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ёки уларнинг аналогларининг ва кучли таъсир қилувчи моддаларнинг қонунга хилоф муомаласи учун жавобгарликни такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Янги Ўзбекистонда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ва миллат генофондини асраш давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Сўнгги йилларда дунё миқёсида синтетик наркотикларнинг янги турлари ва “наркомания” хавфи ортиб бораётгани мазкур соҳадаги қонунчиликни қайта кўриб чиқишни тақозо этди.
Қонун билан Жиноят, Жиноят-процессуал ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларга ва бошқа қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Хусусан, нафақат гиёҳвандлик воситалари, балки кучли таъсир қилувчи моддаларнинг ноқонуний муомаласи учун ҳам жиноий жавобгарлик кучайтирилмоқда.
Сенаторлар томонидан қайд этилганидек, Қонунда илк бор “ғайриқонуний нарколаборатория” ташкил этганлик ва унинг фаолиятини таъминлаганлик учун алоҳида жавобгарлик белгиланмоқда.
Шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини Интернет тармоғи орқали тарқатиш ва тарғиб қилиш оғирлаштирувчи ҳолат сифатида Қонунга киритилмоқда.
Ёшларни ушбу иллатдан ҳимоя қилиш мақсадида таълим муассасалари, оромгоҳлар ва ётоқхоналарга туташ ҳудудларда содир этилган наркожиноятлар учун жазо чоралари янада кучайтирилмоқда.
Ўта оғир турдаги наркожиноятлар содир этган шахсларга нисбатан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш тартиби қўлланилмаслиги белгиланмоқда.
Сенаторлар фикрича, ушбу Қонун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жиноятчиликка қарши курашиши учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратишга ҳамда соҳага оид фаолият самарадорлигини оширишга, “наркотиклардан ҳоли муҳит” яратишга, айниқса, ёш авлодни гиёҳвандлик балосидан асрашга хизмат қилади.
Муҳокама якунида сенаторлар Қонунни маъқуллади.