Ўзбекистон Ашхободда бўлиб ўтган учрашувда ЯСЙТШ'га содиқлигини яна бир бор тасдиқлади
Ўзбекистон Ашхободда бўлиб ўтган учрашувда ЯСЙТШ'га содиқлигини яна бир бор тасдиқлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил 8 июнь куни Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Бобур Усманов Туркманистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан Ашхобод шаҳрида ташкил этилган Ядро синовларини ялпи тақиқлаш тўғрисидаги шартноманинг (ЯСЙТШ) 30 йиллигига бағишланган юқори даражадаги йиғилишда иштирок этди.
Тадбир давомида Марказий Осиё давлатларининг ядровий қуролсизланиш ва ядровий тарқатмаслик соҳаларидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатлари, ЯСЙТШ доирасида ҳамда бошқа халқаро назорат механизмлари асосида минтақавий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари, шунингдек, шартномани универсаллаштириш ва унинг амалга оширилиши самарадорлигини ошириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Иштирокчилар шартномага ҳамда ядровий қуролсизланиш ва ядровий тарқатмасликнинг кенг қамровли мақсадларига содиқлигини яна бир бор тасдиқлади. Марказий Осиё минтақаси ядровий хавфсизлик соҳасида самарали минтақавий ҳамкорликнинг муваффақиятли намунаси сифатида қайд этилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикасининг қуролсизланиш ва ядровий тарқатмаслик режимини мустаҳкамлашга қўшаётган ҳиссаси, жумладан, мамлакатимизнинг Марказий Осиёда Ядро қуролидан холи зонани ташкил этишдаги муҳим роли алоҳида таъкидланди. Мазкур зона Шимолий ярим шарда ташкил этилган биринчи ядро қуролидан холи зона ҳисобланади.
Ядро синовларини тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилоти Ижрочи котиби Роберт Флойд Марказий Осиёнинг ядровий синовларни тўхтатиш бўйича глобал саъй-ҳаракатлардаги муҳим ўрнини қайд этди. У ядровий қуролсиз зоналар давлатлар ўртасида ишончни мустаҳкамлаш ва ядровий таҳдидларнинг олдини олишда самарали восита эканини таъкидлади.
Ўзбекистон 1997 йил 29 майда ЯСЙТШни ратификация қилган бўлиб, ушбу шартномага қўшилиш жараёнини тўлиқ якунлаган давлатлардан бири ҳисобланади.