Валюта курслари 22/11/2024
$1 – 12844.21
UZS – -0.09%
€1 – 13508.26
UZS – -0.46%
₽1 – 127.35
UZS – -0.63%
Қидириш
Иқтисод 09/10/2024 Мамлакатимиз ГЭС қурилишида илк бор зичланган бетон маҳсулотидан фойдаланилмоқда

Мамлакатимиз ГЭС қурилишида илк бор зичланган бетон маҳсулотидан фойдаланилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мамлакатимиз ГЭС қурилишида илк бор зичланган бетон маҳсулотидан фойдаланилмоқда. Мазкур қурилиш соҳасидаги яги технологиялар Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги Чотқол дарёсида қад ростлаётган “Қуйи Чотқол” ГЭСининг махсус тўғон қурилишида фойдаланилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, мазкур истиқболли лойиҳада Ўзбекистонда илк бор жаҳон стандартлари асосида тўғон ва ГЭС биноси яхлит иншоот сифатида қурилиб, 4 та ҳар бири 22,5 МВт қувватга эга замонавий, юқори самарадор гидроагрегатлар ўрнатилади ҳамда автоматик бошқарув тизими жорий қилинади.

Эътиборли жиҳати, қурилиш ишлари доирасида Республикамиз ва Марказий Осиёда илк бор янги замонавий технологиялар асосида биринчи марта тўғон конструкцияси босиб зичланган (укатанный) бетонли типда қурилади. Бетон тўғон баландлиги 60 метр, узунлиги 270 метр, тўғон усти эни 7,5 метрни ташкил этади. Сув омбори ҳажми 6,8 млн м3 га тенг.

Тўғон қурилишида RCC (Roller-compacted concrete – босиб зичланган бетон) дан фойдаланилади, яъни тўғоннинг асосий қисми (195 минг м3) босиб зичланган бетондан иборат бўлади. Босиб зичланган бетондан фойдаланишдаги афзалликлар – бетонни ташкил этувчилари ажралиб қолиши ҳамда сув ўтказувчанликни минималлаштириш мақсадида кичик қатлам-қатлам қилиб бетон ётқизиш, ётқизилган қатлам устида машина-механизмларнинг дарҳол ҳаракатлана олиши, уни текислаши, зичлаши ва бу билан бетон мустаҳкамлигини оширишдир.

Қурилиш методи грунтли тўғонни барпо этишдаги содда усулларига ўхшаш бўлиб, иссиқ кунда цемент ва инерт материаллар ҳарорати туширилган ҳолда бетон маҳсулоти тайёрланиши ҳамда босиб зичланган бетон таркибида цемент миқдори сезирарли камлиги сабаб бетон ётқизилганда унинг ҳарорати мўътадил бўлади. Бу эса, ўз навбатида, бетоннинг қизиб, деформацияга учрамаслигини таъминлайди.

Тўғон қурилишида сифат назорати лаборатория синовлари билан амалга ошириб келинмоқда. Қурилиш лабораторияси жаҳоннинг илғор компанияларидан бўлган MATEST (Италия) томонидан ишлаб чиқарилган ускуналар билан жиҳозланган. Лойиҳанинг хусусиятлари, геологик жойлашуви ва грунтларнинг таркибидан келиб чиқиб босиб зичланган бетон учун энг мақбул бетон қоришмасини тайёрлаш рецепти мазкур лабораторияда бирнеча босқичда аниқлаб олинган.

Бетон тўғоннинг яни бир эътиборли жиҳати – тўғон ичида ювиш галереясининг мавжудлигидир. Чотқол дарёси бўйлаб ўртача йиллик 1 млн. м3 чўкиндилар оқиб келишини инобатга олсак, Чотқол сув омбори ўзининг фойдали ҳажмини сақлаб туриши учун мазкур чўкиндиларни ювиш галереяси орқали чиқариб ташлайди.

Тўғон қурилиш даврида қарийб 300 минг м3 бетон маҳсулотидан фойдаланишни инобатга олиб, инерт материаллар, яъни қум ва чақиқ тошлар қурилиш майдонида ўрнатилган қуввати 500 тн/соат бўлган грунтларни майдаловчи-сараловчи шағал (гравий) заводида ишлаб чиқарилади.

Зичланган бетон тўғони қурилишида ишлатиладиган босиб зичланган бетонни тайёрлашда қўшма котловандан олиб чиқилган грунтлардан фойдаланилади. Яъни, олиб чиқилган грунтлар қурилиш майдонида ўрнатилган қуввати 500 тонна/соат бўлган бўлган инерт материалларни ишлаб чиқарувчи-сараловчи заводдан турли фракциялардаги қум va чақиқ тош кўринишида ишлаб чиқарилади. Мазкур инерт материаллар босиб зичланган бетоннинг асосий таркибини ташкил этади.

Шағал (гравий) заводида ишлаб чиқарилган инерт материаллар ўнг қирғоқда ўрнатилган қуввати 240 м3/соат бўлган бетон заводига бетон қоришмасини тайёрлаш учун етказилади.

ГЭС объектлари қурилишида, хусусан, цементация ишларини амалга оширишда ГЕРТЕК (Германия) компаниясининг илғор ускунасидан фойдаланилмоқда. Ушбу технология автоматик тарзда цементация учун махсус қоришмани (раствор) тайёрлайди ҳамда уни скважиналарга юборади. Эътиборли жиҳати, мазкур ускунани масофадан, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб бошқариш va иш фаолиятини реал вақт режимида кузатиш мумкин. Фильтрацияга қарши тадбирларни амалга ошириш мақсадида тўғон va унинг ўқи бўйлаб цементация пардаси ишлари бажарилади.

Гидротехник иншоотнинг ўрнатилган қуввати 90 МВт бўлиб, йиллик ўртача электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 300 млн. кВт.соатга тенг. Қайд этилган кўрсаткич, яъни ГЭС қуввати келажакда ўртача 125 минг хонадонни электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг