Жиззах ва Фарғонада пора олишда гумонланганлар қўлга олинди

Жиззах ва Фарғонада пора олишда гумонланганлар қўлга олинди

Жиззах ва Фарғонада пора олишда гумонланганлар қўлга олинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жиззах ва Фарғона вилоятларида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан мансабдор шахслар иштирокидаги коррупциявий ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланди.

Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар якунлари бўйича маълум қилинди.

Жиззах вилоятида Шароф Рашидов тумани ҳокимлиги мансабдор шахси хизмат мавқеини суиистеъмол қилишда гумон қилинмоқда.

Тергов маълумотларига кўра, амалдор тадбиркорнинг ишончига кириб, туман мелиорация бўлими балансида бўлган 45 сотих ер майдонини ажратишда кўмаклашиш, шунингдек, тадбиркорнинг танишини маҳаллий МЧЖлардан бирига ишга жойлаштириш эвазига 500 АҚШ доллари талаб қилган.

Тезкор тадбир давомида гумонланувчи пул маблағларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув жараёнида аниқланишича, ҳокимлик вакили мазкур масалаларни ҳал қилиш баҳонасида аввал ҳам 3,5 миллион сўм олган ва ушбу маблағни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлаган.

Фарғона вилоятида эса хусусий акциядорлик-тижорат банкининг банк хизматлари марказларидан бири раҳбари иш бўйича фигурант сифатида қайд этилган. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, у фуқародан банк бош офисидаги танишлари орқали 2,5 миллиард сўм миқдорида кредит олишга ёрдам бериш эвазига кредит суммасининг 5 фоизи, яъни 125 миллион сўм талаб қилган.

Тезкор тадбир доирасида банк ходими келишилган маблағ ҳисобига 10 минг АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинган.

Ҳар икки ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг