Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги етимлар уй-жойини хусусийлаштириш тартибини тушунтирди
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги етимлар уй-жойини хусусийлаштириш тартибини тушунтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ижтимоий тармоқларда етим болалар ва ота-она қарамоғисиз қолган шахсларга берилган уй-жойларни хусусийлаштириш масаласи бўйича тарқалаётган хабарлар ортидан расмий тушунтириш берди.
Идора маълум қилишича, давлат уй-жой фонди ҳисобидан ижара асосида берилган турар жойларни хусусийлаштириш имконияти мавжуд эмаслиги ҳақидаги масалалар кўтарилган публикациялар ўрганиб чиқилган.
Таъкидланишича, 2021 йил 25 октябрга қадар етим болалар учун уй-жойлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 2 августдаги 164-сонли қарорига мувофиқ давлат уй-жой фонди ҳисобидан ижара асосида фойдаланиш ҳуқуқи билан берилган.
Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 8-моддасига кўра, мақсадли коммунал уй-жой фондидаги турар жойлар ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган фуқароларга хусусийлаштириш ҳуқуқисиз ижара асосида берилади. Бундай фондни бошқариш маҳаллий давлат ҳокимияти органлари — ҳокимликлар ваколатига киради.
Агентликда таъкидланишича, ушбу фондга кирувчи турар жойлар идора тасарруфида эмас ва агентлик давлат уй-жой фондини хусусийлаштириш масалаларини кўриб чиқиш ваколатига эга эмас.
Шунингдек, хусусийлаштириш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 11 мартдаги 124-сонли «Давлат уй-жой фондидан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори билан тартибга солиниши, ушбу соҳада ваколатли органлар эса туман ва шаҳар ҳокимликлари экани тушунтирилди.
2010 йил 2 августдаги 164-сонли қарор асосида уй-жой олган фуқароларга хусусийлаштириш масалалари бўйича тегишли маҳаллий ҳокимликларга ёки my.gov.uz давлат хизматлари портали орқали мурожаат қилиш тавсия этилди.