Ҳиндистон халқаро рейслар учун санитар назоратни кучайтирди
Ҳиндистон халқаро рейслар учун санитар назоратни кучайтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳиндистон ҳукумати халқаро рейслар йўловчилари учун қўшимча санитария-эпидемиологик назорат чораларини жорий қилди. Бу ҳақда Uzbekistan Airways матбуот хизмати хабар берди.
Маълумотга кўра, мазкур чоралар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан Африканинг айрим давлатларида, жумладан Конго Демократик Республикаси ва Угандада Эбола вируси келтириб чиқарган касаллик тарқалиши ҳақидаги маълумотлардан сўнг профилактик мониторингни кучайтириш доирасида қабул қилинган.
Янги талабларга мувофиқ, Ҳиндистонга халқаро рейслар орқали келаётган йўловчилар Йўловчи декларацияси шаклини (Self-Declaration Form, SDF) тўлдириши шарт. Ҳужжатда сафар маршрути, алоқа маълумотлари ва саломатлик ҳолати ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.
Авиакомпания йўловчиларга учишдан олдин декларация шакли билан танишиб чиқиш ва зарур маълумотларни олдиндан тайёрлаб қўйишни тавсия қилди.
Шунингдек, ташувчи компания ходимлари парвоз вақтида декларацияни тўлдириш тартиби ва амалдаги талаблар бўйича йўловчиларга қўшимча тушунтиришлар бериши мумкинлиги қайд этилган.
Йўловчиларга ўз саломатлиги ҳолатини диққат билан кузатиб бориш, ўзини ёмон ҳис қилиш аломатлари пайдо бўлган тақдирда бу ҳақда ҳаво кемаси экипажига хабар бериш ёки манзилга етиб боргач тиббий ёрдамга мурожаат қилиш тавсия этилган.
Хабарда таъкидланишича, мазкур чоралар профилактик хусусиятга эга бўлиб, халқаро авиаташувларда санитария-эпидемиологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган.