Фарғона вилояти Беларусь иқтисодий форумида иштирок этмоқда

Фарғона вилояти Беларусь иқтисодий форумида иштирок этмоқда

Фарғона вилояти Беларусь иқтисодий форумида иштирок этмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Беларусь Республикасининг Гомель вилоятида старт олган нуфузли ХХ халқаро иқтисодий форумда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров бошчилигидаги вилоят делегацияси фаол иштирок этди.

Бугун халқаро анжуман доирасида хорижий делегациялар раҳбарларининг расмий учрашуви бўлиб ўтди.

Тадбирни Гомель вилояти Ижроия қўмитаси раиси Иван Крупко очиб бериб, барча меҳмонларни қутлади. 

Тантанали тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров анжуманнинг юқори даражада ташкил этилганини алоҳида эътироф этиб, мезбонларга Фарғона вилоятининг инвестициявий ва саноат салоҳиятини кенг намойиш этиш учун яратилган имконият учун миннатдорлик билдирди.

Мазкур форум мамлакатлар ва ҳудудлар ўртасидаги ўзаро манфаатли стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш ҳамда йирик қўшма лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишда муҳим ва конструктив мулоқот майдонига айланиши таъкидланди.

Анжуман иштирокчиларига Фарғона вилоятининг замонавий иқтисодий салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Шунингдек, Фарғонада тўқимачилик, кимё ва нефть-кимё, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари, АйТи тармоқларини жадал ривожлантириш, кластер тизимини жорий этиш ҳамда хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш устувор вазифа этиб белгилангани маълум қилинди.

Вилоят раҳбари форумнинг кенг қамровли таркиби ҳудудлараро ҳамкорликка бўлган глобал қизиқишнинг ортиб бораётганидан далолат эканлигини билдириб, Фарғона вилояти очиқ мулоқот, тўғридан-тўғри инвестициялар ва узоқ муддатли барқарор шериклик учун барча зарур шароит ҳамда кафолатларни тақдим этишга тайёрлигини айтиб ўтди. 

ХХ Гомель иқтисодий форуми доирасида эришиладиган келишувлар янги саноат кооперациясини ривожлантириш, товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва халқларимиз ўртасидаги анъанавий дўстлик ришталарини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилишига ишонч билдирилди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг