Тошкентда муқобил туризмни ривожлантириш муҳокама қилинди

Тошкентда муқобил туризмни ривожлантириш муҳокама қилинди

Тошкентда муқобил туризмни ривожлантириш муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Муқобил туризм турларини ривожлантиришнинг долзарб муаммолари ва истиқболларини муҳокама қилиш, илмий ва амалий тажриба алмашиш, шунингдек илмий, таълим ва профессионал ҳамжамиятлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида жорий йилнинг 21 май куни Тошкент шаҳрида “Муқобил туризм: замонавий тенденциялар ва келажак истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси кўмагида Туризмни ривожлантириш илмий-тадқиқот институти ва Тошкент давлат аграр университети томонидан ҳамда “Ссиенсе анд Инноватион” халқаро илмий журнали ҳамкорлигида ташкил этилди. Конференция Ўзбекистон Республикасида туризмни барқарор ривожлантириш ҳамда янги туризм йўналишларини жорий этишга қаратилган давлат сиёсатини амалга ошириш доирасида ўтказилди. 

Конференцияда тадқиқотчилар, ёш олимлар, докторантлар, олий таълим муассасалари вакиллари, туризм индустрияси мутахассислари, давлат ҳокимияти органлари, музейлар, илмий-тадқиқот институтлари, тадбиркорлик субъектлари ҳамда соҳага оид йўналишларда таҳсил олаётган талабалар, шунингдек, Туркия, Италия, Иордания, Хитой, Малайзия, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва бошқа давлатлардан экспертлар иштирок этди.

Иштирокчилар диққат марказида геологик, саноат, аграр, астрономик ва археологик туризм йўналишларини туристик маҳсулотни диверсификация қилиш, ҳудудларни барқарор ривожлантириш ҳамда табиий ва тарихий-маданий меросни асраш воситаси сифатида ривожлантириш масалалари бўлди.

Тадбир доирасида туризм ва меҳмондўстлик соҳаси тадбиркорлик субъектлари фаолиятида замонавий ёндашувларни амалий қўллаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Муҳокама қилинган ташаббуслар ва илмий ишланмалар туризм бизнеси, меҳмонхона соҳаси, агротуризм мажмуалари, экскурция ташкилотлари ҳамда стартаплар вакилларига рақобатбардош туристик маҳсулотларни шакллантириш, хизматлар кўламини кенгайтириш, хорижий ва маҳаллий туристларни жалб этиш, ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун янги имконият ва воситаларни тақдим этади.

Конференцияда тақдим этилган амалий кейслар ва халқаро тажриба инновацион бошқарув моделлари ҳамда туристик дестинацияларни барқарор ривожлантириш механизмларини жорий этишга хизмат қилади.

Конференция якунлари бўйича илмий мақолалар тўплами чоп этилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг