Андижонда 35,1 млрд сўмлик маблағ талон-торож қилингани аниқланди
Андижонда 35,1 млрд сўмлик маблағ талон-торож қилингани аниқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг Андижон вилоятида «Soliq Mobile» иловаси орқали ноқонуний равишда кешбэк ҳисоблаш йўли билан 35,1 млрд сўм бюджет маблағини талон-торож қилиш схемаси фош этилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси хабар қилди.
Идора маълумотларига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида олти нафар фуқаро олдиндан тил бириктириб, бюджет маблағларини ноқонуний олиш схемасини ташкил этгани аниқланган.
Тергов жараёнида уч нафар фуқаро номига саккизта масъулияти чекланган жамият рўйхатдан ўтказилгани маълум бўлган. Корхоналар ўртасида амалда молиявий-хўжалик фаолияти мавжуд бўлмаганига қарамасдан, 2026 йил март–апрель ойларида компьютер техникасидан фойдаланган ҳолда умумий қиймати 1,1 трлн сўмлик товар етказиб бериш бўйича сохта электрон ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилган.
Шундан сўнг онлайн-назорат касса машиналари орқали аҳолига товар сотилгани ҳақида сохта чеклар шакллантирилган. Ушбу маълумотлар асосида «Soliq Mobile» иловаси орқали 100 458 нафар фуқарога кешбэк ҳисобланган.
Ноқонуний ҳаракатлар натижасида давлат бюджетидан 35,1 млрд сўм маблағ ўзлаштирилган ва талон-торож қилинган.
Шунингдек, Андижон вилояти солиқ бошқармаси мансабдор шахслари 1,1 трлн сўмлик ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилгани ва шубҳали операциялар аниқланганига қарамай, мазкур корхоналарнинг қўшилган қиймат солиғи тўловчиси сифатидаги гувоҳномаларини бекор қилиш чораларини кўрмагани ҳамда ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермагани қайд этилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 167, 205 ва 228-моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Иш материаллари тегишлилик бўйича прокуратура органларига юборилган.