Барчангизга маълумки, 2017 йили Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан 30 июнь – “Ёшлар куни” деб эълон қилинди. Ўзбекистон тарихида илк бор “Ёшлар куни”нинг кенг нишонланиши юртимизда ёшларга давлат сиёсати даражасидаги эътиборнинг амалий исботи бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев иштирокларида 2020 йил 25 декабрь куни “Ўзбекистон ёшлари форуми” ўтказилди, 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинди.
Шу мақсадда жорий йилда ёшларни бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, “Hyatt Regency” меҳмонхонаси ва Ёшлар ижод саройи оралиғидаги 30 минг квадрат метр майдонда “Беш ташаббус” ҳаракати шаҳарчаси барпо этилиб, 21-25 май кунлари “Тошкент “Беш ташаббус ҳаракати-2021” ёшлар форуми, ҳамда 28-30 июнь кунлари “Ботаника” боғида “Ўзбекистон талаба ва ёшлар” форуми каби йирик тадбирлар ташкил этилди.
Бундан ташқари туманлардаги уюшмаган, ишсиз ёшларнинг 31 411 нафар бандлиги таъминланди, 42 181 нафар ёшлар билан 2 275 маротаба сектор раҳбарлари ва ёшлар учрашувлари ўтказилиб, аниқланган муаммо ва таклифларнинг 10 801 таси жойида ҳал этилди. “Ёшлар дафтари”га киритилган 32 881 нафар ёшларга “Ёшлар дафтари жамғармаси” маблағлари ҳисобидан 34 млрд. 570 млн. сўм пул маблағлари ажратилиб натижада 30 947 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”дан чиқарилди.
Анъанага мувофиқ Тошкент шаҳрида жорий йилнинг ноябрь-декабрь ойлари “Тошкент ёшларни севади” шиори остида “Ёшлар ойлиги” деб эълон қилинади.
Ёшлар ойлигини ташкил этишдан асосий мақсад, ёшларимизда юртимизда кечаётган ислоҳотларга даҳлдорлик ҳиссини уйғотиш, ташаббускор ва истеъдодли ёшларни аниқлаш, уларнинг ўз иқтидорларини намоён этишига имкон яратиш, ёш авлоднинг илм-фан, ижод, маданият ва санъат, спортга бўлган қизиқишини ошириш, талаба ва битирувчилар, уюшмаган ёшларнинг жамиятда муносиб ўрин топишларига кўмаклашишдан иборат.
Ёшлар ойлиги давомида ёшлар билан 6 та йўналишда йирик лойиҳалар ўтказилади.
Жумладан,
- «Ёшлар спорт фестивали» лойиҳаси
- «Интеллектуал лойиҳалар фестивали» лойиҳаси
- «Ёшлар маданият ва санъат фестивали»
- «Анъанавийлик ва замонавийлик» ёшлар мода ва дизайн кўргазмалари
- «Тажриба ва маҳорат» лойиҳалари
- «Тошкент ҳарбий ватанпарварлик фестивали» лойиҳалари ёшлар ўртасида “Ёшлар ойлиги” давомида ўтказилади.
Бундан ташқари Тошкент шаҳри туманларидаги истироҳат боғлари, савдо комплекслари ҳамда аҳоли массивларида «Poytaxt party» концерт дастурлари аҳоли учун доимий равишда ўтказиб борилади.
«Ёшлар спорт фестивали» лойиҳасида ёшлар ўртасида футзал, волейбол, баскетбол, шахмат, стол тенниси, Street Workout ҳамда Армрестлинг мусобақаларининг туман ва шаҳар босқичлари ташкил этилади. Ушбу спорт мусобақаларига 25 мингдан ортиқ ёшлар жалб қилиниши режалаштирилган. Лойиҳа якунида 27 ноябрь куни Юнусобод туманидаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида «Ёшлар спорт фестивали» лойиҳасининг якуний тақдирлаш маросими ҳамда концерт дастури ташкил этилади.
«Интеллектуал лойиҳалар фестивали» доирасида «Заковат» «Что? Где? Когда?» интеллектуал ўйинлари, «Мунозара» дебат беллашувлари, «CUDC» дебат чемпионатлари бўлиб ўтиши белгиланган. Ушбу интеллектуал ўйинлар лойиҳасига пойтахтнинг 1 000 нафар ёшлари қамраб олинади ҳамда 20 ноябрь куни «Hilton Tashkent City» меҳмонхонасида «Интеллектуал лойиҳалар фестивали» лойиҳасининг тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
«Ёшлар маданият ва санъат фестивали» давомида «Dance project movement» фестивали, «Univervision» танлови, Туркистон санъат саройида «Қувноқлар ва зукколар» кўрик-танлови бўлиб ўтади, «Ёшлар маданият ва санъат фестивали» доирасида 15 мингдан ортиқ ёшлар қамраб олинади.
«Анъанавийлик ва замонавийлик» ёшлар мода ва дизайн кўргазмалари доирасида Таниқли модельер ва дизайнерлар билан маҳорат дарслари, Ёш дизайнерларнинг муаллифлик ишлари намойиши, «Миллий либослар» фестивали, Ҳунармандлар ҳамда Ёш рассомлар кўргазмалари ташкил этилади. Ушбу лойиҳаларга 500 нафар ёшлар жалб этилиши режалаштирилган.
«Тажриба ва маҳорат» лойиҳаси доирасида «Муваффақиятга эришиш сирлари» лойиҳаси, «Ёшлар киберспорт чемпионати», «Tashkent Bowling Championship» мусабақаси, «InoTechExpo» рационализаторлик таклифлари, техник лойиҳалар ва ишланмаларининг кўргазмалари бўлиб ўтиши белгиланган.
«Тошкент ҳарбий ватанпарварлик фестивали» доирасида Ҳарбий техникалар намойиши, ҳарбий хизматчиларнинг кўргазмали чиқишлари, «Улуғимсан Ватаним» шиори остида ҳарбий ватанпарварлик концерт дастури, Тошкент шаҳридаги ҳарбий қисмларга ҳамда ҳарбий таълим муассасаларига ташрифлари, «Job Fest» фестивали, «Меҳр чегара билмас» лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳрида жойлашган меҳрибонлик уйлари, махсус ихтисослаштирилган мактаб интернатлари тарбияланувчиларининг амалий ишлари ярмарка савдоси ҳамда концерт дастури, “Кўҳна ва навқирон Тошкент” мавзусида Республика илмий-амалий конференцияси, Тошкент шаҳридаги умумтаълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи-ёшлари учун таъсис этилган «Ҳоким стипендияси» танлови ғолибларини тақдирлаш маросими тадбирлари ўтказилади. Ушбу лойиҳаларга 50 мингдан ортиқ ёшлар жалб этилиши режалаштирилган.
Декабрь ойининг охирги ўн кунлигида тадбирлар якунида “Янги Ўзбекистон ёшлари бирлашайлик” шиори остидаги ёшлар форуми ташкил этилади.
Юқоридаги лойиҳа ва тадбирларнинг амалга оширилиши натижасида 200 мингдан ортиқ ёшлар жалб қилинишига ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этилишига эришамиз.