Тошкент ва Тянсзин савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтирмоқда
Тошкент ва Тянсзин савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент шаҳри делегациясининг Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи доирасида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков Тянсзин шаҳри мери Чжан Гун билан учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида томонлар икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш, шунингдек, Тошкент шаҳрида қулай ишбилармонлик муҳити ва сармоявий иқлимни яратиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Сўнгги йиллар якунларига кўра, икки шаҳар ўртасидаги савдо муносабатлари ҳажми 58 фоизга ўсиб, барқарор ўсишни намоён этаётгани қайд этилди.
Учрашувда хитойлик сармоядорларни қўллаб-қувватлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишда ҳамкорлик қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Тянсзин шаҳри раҳбарияти Хитой Халқ Республикасидан бўлган сармоядорлар билан тезкор ҳамкорлик қилиш ҳамда уларга лойиҳаларни амалга оширишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент шаҳрида ҳокимликнинг доимий штабини (ваколатхонасини) ташкил этиш бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ташаббусини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Шунингдек, музокаралар доирасида Тошкент шаҳрида дренаж тизими, тозалаш иншоотлари ва ирригация инфратузилмасини қуриш лойиҳаларини амалга оширишга қизиқиш билдирган “Tianjin Urban Construction” компанияси билан ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Компания шаҳар муҳандислик инфратузилмаси соҳасида салмоқли халқаро тажрибага эга экани ҳамда Тянсзин шаҳри мерияси ушбу лойиҳаларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр экани таъкидланди.
Томонлар ҳудудлараро ҳамкорликнинг изчил ривожланиши икки томонлама муносабатларнинг юксак суръати ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси етакчиларининг сиёсий иродаси туфайли мумкин бўлаётганини алоҳида таъкидладилар.Тошкент шаҳри делегациясининг Хитой Халқ Республикасига расмий ташрифи доирасида Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзаков Тянсзин шаҳри мери Чжан Гун билан учрашув ўтказди.