Валюта курслари 15/11/2024
$1 – 12800.13
UZS – -0.06%
€1 – 13467.02
UZS – -1.07%
₽1 – 129.02
UZS – -0.87%
Қидириш
Иқтисод 10/10/2024 Тошкент шаҳрида уй-жойлар учун ижара нархлари таҳлил қилинди

Тошкент шаҳрида уй-жойлар учун ижара нархлари таҳлил қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) мутахассислари томонидан 2024-йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида уй-жойлар учун ижара нархлари таҳлил қилинди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Тошкент шаҳрида уй-жойлар учун ижара нархларининг ошиши давом этди. Мазкур даврда пойтахтда ўртача таъмирланган хонадонлар учун ўртача ижара нархлари август ойидагига нисбатан 2,8 фоиз,тўлиқ таъмирланган хонадонлар учун эса 1,4 фоиз ошди.

Ўртача таъмирланган уй-жойлар ижарасига талабнинг ошиши бўйича кутилмалар бундай уйларнинг ижара нархларига таъсир кўрсатди. Хусусан, 2024-йилнинг сентябрь ойида ўртача таъмирланган 1 хонали уйлар учун ўртача ижара нархи август ойидагига нисбатан 2,4 фоиз, 2 хонали уйлар учун 3,4 фоиз, 3 хонали уйлар учун 3,2 фоиз, 4 хонали уйлар учун эса 2,1 фоиз ошди. 

Ўртача таъмирланган хонадонлар учун нисбатан арзон ижара нархлари Сергели (1 хонали - 291 АҚШ доллари, 2 хонали – 363 АҚШ доллари, 3 хонали – 403 АҚШ доллари, 4 хонали - 463 АҚШ доллари), Олмазор (1 хонали – 306 АҚШ доллари, 2 хонали – 362 АҚШ доллари, 3 хонали – 426 АҚШ доллари, 4 хонали – 503 АҚШ доллари) туманларида таклиф этилган бўлса, энг қиммат ижара нархлари Миробод (1 хонали – 358 АҚШ доллари, 2 хонали – 445 АҚШ доллари, 3 хонали – 548 АҚШ доллари, 4 хонали – 721 АҚШ доллари) ва Яккасарой (1 хонали – 343 АҚШ доллари, 2 хонали – 460 АҚШ доллари, 3 хонали – 611 АҚШ доллари, 4 хонали – 631 АҚШ доллари) туманларида кузатилди.

Тўлиқ таъмирланган уй-жойлар ижараси. Мазкур даврда 3 хонали уй-жойларнинг ижара нархи 0,9 фоиз пасайган бўлсада, 2 хонали уй-жойларнинг ижара нархи ўртача 1,1 фоиз,
4 хонали уй-жойларнинг ижара нархи 2,3 фоиз ҳамда 1 хонали уй-жойларнинг ижара нархи 3,1 фоиз ошган.

Тўлиқ таъмирланган уй-жойларнинг энг арзон ижара нархлари Сергели (1 хонали – 331 АҚШ доллари, 2 хонали – 428 АҚШ доллари, 3 хонали – 506 АҚШ доллари, 4 хонали – 634 АҚШ доллари) ва Учтепа (1 хонали – 393 АҚШ доллари, 2 хонали – 453 АҚШ доллари, 3 хонали – 538 АҚШ доллари, 4 хонали – 717 АҚШ доллари) туманларида, энг қиммат ижара нархлари эса Миробод (1 хонали – 474 АҚШ доллари, 2 хонали – 678 АҚШ доллари, 3 хонали – 967 АҚШ доллари, 4 хонали – 1278 АҚШ доллари) ва Шайхонтоҳур (1 хонали – 442 АҚШ доллари, 2 хонали – 708 АҚШ доллари, 3 хонали – 1004 АҚШ доллари, 4 хонали – 1272 АҚШ доллари) туманларида кузатилди.

Ижара нархлари olx.платформасидан веб скрепинг орқали олинган очиқ маълумотлар асосида таҳлил қилинди. Бунда 2024-йилнинг август ойи учун 52,0 мингта ва сентябрь ойи учун 51,9 мингта маълумотдан фойдаланилди. Иккала давр учун ҳам таҳлил нархлар чегарасининг юқори ва пастки 5 фоизлик квантиллари чиқариб ташланганидан кейин амалга оширилди.
 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг