Ички ишлар вазирлиги: Ўзбекистонда радар тизимлари туфайли йўл-транспорт ҳодисалари камайди

Ички ишлар вазирлиги: Ўзбекистонда радар тизимлари туфайли йўл-транспорт ҳодисалари камайди

Ички ишлар вазирлиги: Ўзбекистонда радар тизимлари туфайли йўл-транспорт ҳодисалари камайди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда Ички ишлар вазирининг “Автомобиль йўлларидаги фото ва видео қайд этиш техника воситаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги самарадорлиги ҳамда йўл ҳаракати соҳасига ахборот технологияларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги парламент сўровига жавоби ҳақидаги масала ҳам кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Қонунчилик палатаси депутатларининг сайлов округларида фуқаролар билан ўтказилган мулоқотлари ва учрашувлари давомида транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан содир этилган қоидабузарликларни аниқловчи фото ва видео қайд этиш техника воситалари ҳамда кўчма фоторадарларнинг фаолияти, сунъий йўл нотекисликларни ўрнатишда белгиланган стандартларга риоя этилмаётгани борасида келиб тушган айрим эътирозларидан келиб чиқиб, Ички ишлар вазирига парламент сўрови юборилган эди.

Хусусан, парламент сўровида йўл чизиқларини чизиш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштириш борасида амалга оширилган ишлар, фото ва видео қайд этиш техника воситаларининг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги самарадорлиги ва натижадорлиги, сунъий йўл нотекисликларини ўрнатишда белгиланган меъёр ва стандартларга риоя этилишини таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар, йўл ҳаракати иштирокчиларининг хавфсиз ва эркин ҳаракатига тўсқинлик қилувчи ноқонуний сунъий тўсиқлар ҳамда бошқа турдаги қурилмаларни ўрнатиш ҳолатлари бўйича аниқланган қонунбузилишлар каби масалалар бўйича тушунтириш бериш сўралган.

Вазирлик маълумотига кўра, 2022-2025 йилда ўзида йўл чизиқларини чизиш, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ва йўл инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган лойиҳаларни молиялаштириш учун 978,3 млрд. сўм маблағ йўналтирилган. Ушбу давр мобайнида 78 844 та янги йўл белгилари ўрнатилиб, 49380 та йўл белгилари янгисига алмаштирилган ҳамда 1081 та светофор объекти янгидан қурилган. Шунингдек, 20 млн 728 минг кв.м йўл ётиқ чизиқлари чизилган.

Ҳозирги кунда республикамиз бўйича 5425 та фото ва видео қайд этиш техника воситалари ўрнатилган. Бунда, йўл-транспорт ҳодисалари кунлик, ҳафталик, ойлик, чораклик, йиллик горизонталь ва вертикал шаклдаги таҳлиллар асосида, шунингдек, ҳаракат интенсивлиги, йўл инфратузилмаси ҳолати, пиёдалар ва транспорт оқими юқори бўлган ҳудудлар ўрганилган ҳолда, аҳоли мурожаатлари ҳамда мутасадди ташкилотларнинг хулосалари каби омиллар инобатга олинган.

Натижада жорий йилнинг тўрт ойида йўл-транспорт ҳодисалари 17,7 фоизга камайишига эришилган. Йўллар ва кўчаларга ўзбошимчалик билан асоссиз ўрнатилган йўл белгилари ҳамда сунъий нотекисликларни аниқлаш бўйича ўтказилган хатлов натижалари бўйича 132 та ҳаракатни чекловчи йўл белгилари ҳамда 202 та тўхташ ва тўхтаб туриш ҳақидаги йўл белгилари олиб ташланган. Бундан ташқари, йўлларда ноқонуний ўрнатилган жами 203 та турли тўсиқлар ҳамда 308 та сунъий нотекисликлар бартараф этилган.

Депутатлар мазкур соҳадаги ишларни изчил давом эттириш, хусусан йўл инфратузилмасини яхшилаш, фото ва видео қайд этиш қурилмари орқали ҳуқуқбузарликларни аниқлашда хатоликларга йўл қўйилишининг олдини олиш, ноқонуний ўрнатилган сунъий тўсиқларни олиб ташлаш ишларини жадаллаштириш каби долзарб масалалар бўйича чораларни кучайтириш зарурлигини таъкидладилар.

Мажлисда мазкур масала юзасидан тизимли парламент назорати олиб борилиши қайд этилиб, вазирнинг жавоби маълумот учун қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг