Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) – Президент Шавкат Мирзиёев Киночилар саройини бориб кўрди.
Ушбу маскан 2021 йил мукаммал таъмирланиб, шароитлари янгиланди. Катта-кичик заллар, ёзги кинотеатр ва хоналар замонавий жиҳозланди. Бугун бу ерда жами 3 минг нафар томошабинни қабул қилиш имкони мавжуд.
Давлатимиз раҳбари дастлаб Ўзбекистон кино санъати музейини кўздан кечирди. Музей 1972 йилда ташкил этилган бўлиб, илгари музей-архив сифатида фаолият юритган. Унда эллик мингдан ортиқ тарихий буюм, либос, расм ва кинотасмалар бор.
Эндиликда музей Киночилар саройига кўчирилиб, кўргазмага қўйилди. Биринчи қаватда ўзбек киносининг тарихи ва асосчилари, сўнгги йиллардаги ютуқларига бағишланган. Иккинчи қаватда тарихий фильмлардаги либослар, атоқли киноижодкорлар ҳаёти ва фаолияти акс эттирилган. Аҳамиятлиси, кино кўриш истагида келган борки, шу тарих билан танишиб ўтади.
Шавкат Мирзиёев шу ерда режиссёр ва актёрлар, киношунослар, соҳа мутасаддилари билан суҳбатлашди.
- Сўнгги йилларда миллий киномиз қайта “уйғонди”, десак тўғри бўлади. Юқори савияли, замонавий сифатли фильмлар пайдо бўлди. Бунинг учун сизларга миннатдорлик билдираман. Шу билан бирга, кинематографияни ривожлантириш учун яна нималар қилишимиз керак, деган савол мени ўйлантиради. Агар тарихимизни дунёга тараннум этмоқчи бўлсак, халқимизнинг миллий ғурурини кўтармоқчи бўлсак, буни биринчи навбатда кино ёрдамида амалга оширишимиз керак, - деди давлатимиз раҳбари.
Мулоқотда Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган “Тирик тарих” туркумидаги фильмлар лойиҳаси тақдимот қилинди.
Бу 2024-2030 йилларга мўлжалланган стратегик дастур бўлиб, энг қадимги ўтмишимиздан тортиб, яқин тарихимизгача бўлган жуда катта даврни қамраб олади. Яратилажак фильмларнинг мавзуси кенг ва ранг-баранг.
Жумладан, милоддан аввалги VI асрда яшаган миллий қаҳрамонимиз Широқ ҳақида, миллий давлатчилигимиз тарихида ўчмас из қолдирган Алп Эр Тўнга, Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар ҳақида, шу пайтгача етарли ўрганилмаган шайбонийлар ҳақида, қорақалпоқ шоири Ажиниёз ва бошқа машҳур адиблар ҳақида, буюк алломаларимиз ва миллий истиқлол курашчилари ҳақида ҳикоя қилиниши кўзда тутилган.
Лойиҳада чет эллик ҳамкорлар, хусусан, Испания, Германия, Венгрия, Россия, Беларусь, Туркия, Япония, Хитой, Жанубий Корея, Ҳиндистон, Озарбойжон, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон каби давлатларнинг кино санъати усталари ҳам иштирок этиши режалаштирилган.
– Албатта, бу дастур ва ғояларни амалга ошириш учун кўп моддий имконият талаб этилишини, юзлаб истеъдодли мутахассислар зарурлигини ҳам барчамиз яхши биламиз. Қанчалик қийин бўлмасин, биз том маънодаги улкан, тарихий бу лойиҳанинг молиявий масалаларини ҳал қиламиз. Нега деганда, ушбу дастур шонли ўтмишимизни чуқур англаб, шу асосда келажакка ишонч билан дадил қадам қўйишга, ёшларни чинакам ватанпарвар инсонлар қилиб тарбиялаб, Учинчи Ренессансни барпо этишга катта туртки бўлади, - деди Шавкат Мирзиёев.
Мулоқотда киноижодкорлар мазкур туркум фильмлар ва соҳани ривожлантириш юзасидан таклифларини билдирди.