Ўзбекистон ва Япония иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Ўзбекистон ва Япония иқтисодий ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 10 июнь куни Япониянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Ҳирата Кендзи бошчилигидаги делегацияси вакиллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сакаи Мамору, Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Отабек Фазилкаримов, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари Илҳомжон Умрзаков ҳамда бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар иқтисодий, ижтимоий ва инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш, мавжуд лойиҳалар самарадорлиги, шунингдек, истиқболдаги қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари юзасидан муҳокамалар олиб борди.
Хусусан, муҳокамаларда қуйидаги йўналишларда ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш ҳамда қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди:
Энергия самарадорлигини ошириш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, соҳада инновацион ечимларни жорий этиш;
Қишлоқ хўжалиги соҳасида, хусусан чорвачилик йўналишида қўшма лойиҳаларни ривожлантириш;
“Бир қишлоқ – бир маҳсулот” дастури доирасида ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, маҳаллий маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш, қишлоқ ҳудудларида аҳоли бандлигини таъминлаш;
Соғлиқни сақлаш соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш, жумладан, тиббий хизматлар сифатини ошириш ва замонавий лойиҳаларни амалга ошириш;
Инсон ресурсларини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва таълим соҳасида ҳамкорлик.
Шунингдек, учрашув доирасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) иштирокида икки муҳим лойиҳа юзасидан ноталар алмашинуви маросими бўлиб ўтди.
Биринчи лойиҳа — “Ижтимоий биноларда энергия самарадорлигини ошириш” ташаббуси доирасида мактаблар ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларида энергия тежамкор ускуналар ва замонавий технологияларни жорий этиш кўзда тутилган. Лойиҳа орқали ижтимоий инфратузилма объектларида энергия истеъмолини оптималлаштириш, ресурслардан самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда умумий энергия самарадорлигини ошириш мақсад қилинган.
Иккинчи лойиҳа — “Саноатда энергия самарадорлигини ошириш” йўналишида амалга оширилиб, корхоналар ва тадбиркорлик субъектларининг энергия тежамкор технологияларга инвестиция киритишини қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Ушбу лойиҳа доирасида энергия самарадорлигини оширишга йўналтирилган ташаббусларни молиялаштириш учун паст фоизли ва узоқ муддатли кредитлар ажратилиши назарда тутилган.
Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, юқоридаги йўналишлар юзасидан фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтириш ҳамда белгиланган мақсадларга етиш тизимли ва самарали фаолият юритишга келишиб олди.