2021 йил 16-17 декабрь кунлари Тошкентда «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» кун тартиби ҳамда унинг инсон ҳуқуқлари ва барқарор тараққиёт билан ўзаро боғлиқлиги» (WPS) мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтмоқда.
Онлайн ва офлайн шаклдаги ушбу тадбир Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш бўйича комиссияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ва ЕХҲТнинг мамлакатимиздаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
БМТ Хавфсизлик кенгашининг Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги 1325-Резолюцияси 2000 йил 31 октябрда қабул қилинган. Бу ҳужжатда илк бор хотин-қизлар ва болалар аҳолининг қуролли можаролардан энг кўп жабр кўрадиган қатлами экани, шунингдек, улар аниқ мақсадга йўналтирилган тажовуз ва зўравонликларга тобора кўпроқ дучор бўлаётгани билан боғлиқ ҳаётий ҳақиқат эътироф этилган.
Резолюция аёлларни можароларга барҳам беришга қаратилган тинчлик музокараларига имкон қадар фаол жалб этишга чақиради. Шунингдек, БМТ тизимидаги ва миллий даражалардаги раҳбарлик лавозимларида ишлайдиган хотин-қизлар сонини изчил кўпайтиришга ундайди.
Бугунги кунда БМТга аъзо 193 давлатдан 86 таси 1325-Резолюцияни имплементация қилиш бўйича ўзларининг «Ҳаракатлар режаси»ни ишлаб чиққан.
Ўзбекистоннинг 1325-Резолюция бўйича Миллий ҳаракатлар режасидан қуйидаги вазифалар жой олган:
• аёлларнинг тинчлик ва хавфсизлик жараёнларида иштирок этишини рағбатлантириш;
• «Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик» мавзусидаги билимларни янада чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш ҳамда манфаатдор томонлар ва қарор қабул қиладиган ҳамжамиятларнинг ушбу билимлардан хабардорлигини ошириш;
• фавқулодда вазиятларда хотин-қизларнинг алоҳида талаб ва эҳтиёжларини ҳимоя қилиш ҳамда ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш;
• БМТ Хавфсизлик кенгашининг Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги 1325-Резолюциясини бажариш жараёнларида фуқаролик жамияти иштирок этишига кўмаклашиш.
Давра суҳбати давомида 1325-Резолюцияни имплементация қилиш ва унинг ижроси бўйича Миллий ҳаракатлар режаси мониторингини таъминлаш борасидаги илғор халқаро тажриба ҳамда миллий амалиётлар тақдим этилди. Хусусан, Ўзбекистон бу борада қайси соҳаларга эътибор қаратиши, вазиятни ўзгартириши, самарали сиёсат олиб бориши ва зарур натижаларга эришишини аниқлаб олиши учун Миллий ҳаракатлар режаси ниҳоятда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов қайд этганидек, айни йўналишдаги тадқиқотлар аёллар иштирок этадиган тинчлик музокаралари аксарият ҳолларда натижадор бўлишини ва мустаҳкам барқарорликни таъминлашга хизмат қилишини кўрсатмоқда.
«Ўзбекистон хотин-қизларнинг барқарор халқаро тинчлик ва хавфсизликка эришиш борасидаги барча саъй-ҳаракатларимизда жуда муҳим ўрин тутишлари зарурлигини эътироф этади. Биз БМТ Хавфсизлик кенгашининг 2000 йил 31 октябрда қабул қилинган Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги 1325-Резолюциясини қўллаб-қувватлаймиз», – деди А.Саидов.
Шуни ҳам айтиш жоизки, Хавфсизлик кенгашининг Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги 1325-Резолюциясидан сўнг айни йўналишда яна 9 та қўшимча резолюция қабул қилинган. Ушбу ҳужжатларда БМТ, унга аъзо-давлатлар ва ҳамкорларининг можаролар домида қолган хотин-қизлар эҳтиёжлари ва устувор талаблари ҳисобга олинишини таъминлаш ҳамда инклюзив ва барқарор асосда тинчлик ўрнатиш борасидаги мажбуриятлари баён этилган.
Хавфсизлик кенгаши аъзо-давлатларни Аёллар, тинчлик ва хавфсизлик тўғрисидаги 1325-Резолюция бажарилиши борасида фуқаролик жамияти, айниқса, маҳаллий хотин-қизлар ҳамжамиятлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда иш олиб боришга чақиради.