Валюта курслари 04/10/2024
$1 – 12741.02
UZS – -0.13%
€1 – 14062.26
UZS – -0.45%
₽1 – 134.38
UZS – -0.5%
Қидириш
Технологиялар 29/08/2024 Шаҳарлар, қишлоқлар, автомагистраллар: Beeline Uzbekistan бутун мамлакат бўйлаб тармоғини кенгайтирмоқда

Шаҳарлар, қишлоқлар, автомагистраллар: Beeline Uzbekistan бутун мамлакат бўйлаб тармоғини кенгайтирмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Beeline Uzbekistan Ўзбекистонда ўз тармоғини ривожлантириш бўйича кенг кўламли лойиҳасини давом эттирмоқда. Телекоммуникация соҳасидаги энг йирик солиқ тўловчи ва сармоядорларидан бири сифатида, оператор мамлакат иқтисодиётини янада рақамлаштириш учун мунтазам равишда пойдевор яратмоқда.

2024 йилда Beeline Uzbekistan тармоғи деярли 2000 та янги база станцияси билан кенгайтирилди. Энг жадал қурилиш ишлари мамлакатнинг аҳоли зич жойлашган ҳудудлари — Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти, шунингдек, Самарқанд, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида олиб борилди. Аҳамиятли ҳисобланган автомобиль ва темир йўл магистралларида қамровни кучайтириш учун 270 га яқин база станцияси ўрнатилди.

Бундан ташқари, йил бошидан бери рақамли оператор илгари ишга туширилган 740 дан ортиқ база станциясини модернизация қилиб, уларнинг ўтказувчанлик қобилиятини сезиларли даражада оширди. Шу туфайли Beeline Uzbekistan тармоғида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20% кўпроқ трафик қайд этилмоқда, ўртача маълумот узатиш тезлиги эса 46% га ошди. VoLTE сегменти фойдаланувчилари сони ҳам ортиб бормоқда: зудлик билан уланиш ва тиниқ овоз билан қўнғироқ қилиш технологиясини танлаганлар сони олти бараварга, трафик ҳажми эса 10 бараварга кўпайди. Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида кенг кўламли техник ишлар амалга оширилди.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 2024 йилнинг саккиз ойида 282 та база станция (БС) қурилди, 178 таси модернизация қилинди. Янги қурилмаларнинг бир қисми Ўзбекистон ва Тожикистон пойтахтларини боғловчи М34 автомагистралида, Тошкент ва Самарқанд ўртасидаги А373 йўлида, шунингдек, Қирғизистон ва Қозоғистон ҳудудидан ўтувчи М39 халқаро автотрассаси бўйида, Ўзбекистон ҳудудида жойлаштирилди.

Самарқанд вилоятида 228 та БС қурилди, 64 таси — модернизация қилинди. Асосий автомобиль йўлларида қамров яхшиланди. Мобил алоқа хизматлари Нуробод ва Тойлоқ туманларининг бир қатор олис аҳоли пунктларида, М39, М37 Самарқанд - Ашхобод магистраллари кесимларида, темир йўллар бўйида илк бор пайдо бўлди.

Андижон вилоятида Beeline Uzbekistan тармоғи 201 та база станцияси билан кенгайтирилди. Илгари ишга туширилган 55 та БСнинг ўтказувчанлик қобилияти оширилди, бу кўпроқ мижозларга сифатли алоқа хизматларидан фойдаланиш имконини беради. Андижон - Наманган йўли, Шаҳрихон ва Хўжаобод туманларидаги А373 автомобиль йўлларида қамров яхшиланди.

Қашқадарё вилоятида 177 та БС қурилди, 54 таси модернизация қилинди. Вилоят бу йил Beeline Uzbekistan биринчи марта ишончли овозли алоқа ва 4G интернет билан кириб келган кичик аҳоли пунктлари сони бўйича рекордчи бўлди. Оператор алоқаси Қамаши, Қарши, Касби, Китоб, Шаҳрисабз ва Яккабоғ туманларининг чекка ҳудудларида пайдо бўлди.

Сурхондарё вилоятида 180 та база станция барпо этилиб, 25 таси модернизация қилинди. Бойсун, Денов, Жарқўрғон, Сариосиё, Шеробод ва Шўрчи туманларида автомобиль йўлларининг алоқа ҳудуди кенгайтирилди. Денов туманидаги бир нечта кичик қишлоқлар илк бор оператор тармоғига уланиш имконига эга бўлди.

Фарғона вилоятида улкан ишлар амалга оширилди — 150 та янги база станцияси ишга туширилди ва 68 та БС модернизация қилинди. Аҳоли сони бўйича минтақанинг иккинчи йирик шаҳри — Қўқонда тармоқни ривожлантириш алоҳида лойиҳага айланди: бу ерда 120 та БС ўрнатилди ва 43 таси модернизация қилинди.

Бухоро вилоятида 135 та база станция қурилиб, 49 таси модернизация қилинди. Қамров харитасига Бухоро ва Ғиждувон туманларининг кичик аҳоли пунктлари, М37 ва А380 "Ғузор - Бухоро - Нукус - Бейнеу" магистралларининг янги қисмлари киритилди.

Қорақалпоғистонда А380 ва А381 трассаларининг қамрови яхшиланди. 2024 йилда вилоят ҳудудида жами 126 та база станция ўрнатилиб, 33 та база станциясининг ўтказувчанлик қобилияти оширилди.

Наманган вилоятида асосий ишлар амалдаги алоқа объектларида олиб борилди — 64 та база станциясида модернизация ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, 99 та янги БС ишга туширилди.

Жиззах вилоятида ҳам тармоқни модернизация қилишга эътибор қаратилди: 40 та БС модернизация қилинди ва 51 та янги база станцияси ўрнатилди. Вилоят маркази, Ғаллаорол, Жиззах, Дўстлик ва Зомин туманларида темир йўллар бўйлаб қамров ҳудуди кенгайтирилди.

Хоразм вилоятида 84 та база станция ўрнатилиб, илгари ишга туширилган 26 та БСнинг ўтказувчанлик қобилияти оширилди.

Навоий вилоятида Beeline Uzbekistan тармоғида база станцияларининг сони 72 га ошди, яна 26 таси модернизация қилинди. Кармана туманидаги М37 трассаси, Қизилтепа туманидаги темир йўл кесимларида алоқа хизматларидан фойдаланишда узлуксизлик таъминланди.

Аҳоли сони бўйича мамлакатнинг энг кичик ҳудуди бўлган Сирдарё вилоятида мижозлар манфаати учун 63 та янги БС ўрнатилди, 19 таси эса модернизация қилинди.

«Beeline инфратузилмасини узлуксиз ривожлантиришнинг моҳияти — Ўзбекистон аҳолиси зарур деб билган жойларда замонавий рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятини таъминлашдир. 2024 йилда бутун мамлакат бўйлаб ўрнатилган юзлаб янги база станцияларидан деярли ҳар еттинчиси автомагистраль ва темир йўлларда, кўпинча аҳоли пунктларидан узоқда жойлашгани бежиз эмас. Уйда ҳам, йўлда ҳам компаниямизнинг барча хизматларидан қулай фойдаланиш мумкин. Биз 2024 йилда Beeline Uzbekistan тармоғида ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20% кўпроқ трафик қайд этилганини ва бир йил ичида ўртача маълумотлар узатиш тезлиги 46% га ошганини кузатмоқдамиз,» — дея таъкидлади Beeline Uzbekistan техник директори Георгий Кан.

«Компаниямизнинг мамлакатда узоқ йиллар давомида эришган ютуқлари Ўзбекистоннинг рақамли иқтисодиётини мустаҳкамлашга хизмат қиладиган янги лойиҳаларга илҳом бағишламоқда. 2024 йил бошидан Beeline Uzbekistan алоқа инфратузилмасини ривожлантиришга рекорд миқдорда маблағ йўналтирди. Республика телекоммуникация соҳасига киритилган инвестициялар ҳажми бўйича етакчилардан бири сифатида, биз барча ҳудудларда ва барча соҳаларда — шахсий ҳаётдан тортиб бизнес юритиш ва Beeline мижозлари бўлган давлат муассасалари фаолиятини таъминлашгача бўлган жабҳаларида рақамли инновацияларни муваффақиятли жорий этиш учун қулай муҳит яратмоқдамиз,» — деди Beeline Uzbekistan бош директори Анджей Малиновски. 

#Beeline  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг