Ўзбекистонда «Лазги ва Авесто» музейи ташкил этилади

Ўзбекистонда «Лазги ва Авесто» музейи ташкил этилади

Ўзбекистонда «Лазги ва Авесто» музейи ташкил этилади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2026 йил 12 май куни Урганч шаҳрида «Лазги ва Авесто» музейини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Ҳужжатга мувофиқ, Хонқа кўчаси, 7-уй манзилида янги муассаса Ўзбекистон Замонавий санъат музейининг филиали сифатида ташкил этилади.

Музейни ташкил этишдан асосий мақсад маданий мероснинг икки муҳим қатламини — ЮНЕСКОнинг инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган Хоразм лазги рақси ва қадимий диний ёдгорлик ҳисобланган «Авесто»нинг тарихий меросини сақлаш ҳамда оммалаштиришдан иборат.

Қарорда муассасанинг тарбиявий вазифасига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Нодир экспонатлар орқали фуқароларда, айниқса ёш авлодда миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат, Ватанга муҳаббат ва фахр туйғусини шакллантириш кўзда тутилган.

Ҳукумат музейнинг асосий вазифалари қаторига фондларни шакллантириш ва бойитиш, замонавий ахборот технологиялари асосида экспозициялар ташкил этиш, коллекцияларни халқаро миқёсда тарғиб қилиш, шунингдек, хорижий музейлар билан ҳамкорликни ривожлантириш ва қўшма кўргазма лойиҳаларида иштирок этишни киритди.

Муассасани молиялаштириш Хоразм вилояти маҳаллий бюджети маблағлари, музейнинг ўз даромадлари, жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, шунингдек, қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

2026 йилда музейни сақлаш харажатлари, жумладан ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари, Хоразм вилояти бюджети учун тасдиқланган параметрлар доирасида қопланади. 2027 йилдан бошлаб эса молиялаштириш вилоят бюджетига режали асосда киритиб борилади.

Хоразм вилояти ҳокимлигига 2026 йил 1 июлга қадар бинода таъмирлаш ишларини якунлаш, экспозицияни шакллантириш ва музейни зарур моддий-техник база билан жиҳозлаш топширилди.

Маданий мерос агентлиги вилоят ҳокимлиги ва манфаатдор идоралар билан биргаликда штат жадвалини тасдиқлаши, музейни малакали кадрлар билан таъминлаши, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиши ҳамда маҳаллий ва хорижий туристларни жалб этишни таъминлаши лозим.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг