Санитария ва фитосанитария чораларини қўллашга оид қонун муҳокама қилинди

Санитария ва фитосанитария чораларини қўллашга оид қонун муҳокама қилинди

Санитария ва фитосанитария чораларини қўллашга оид қонун муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси миллий қонунчилигини Жаҳон савдо ташкилотининг Санитария ва фитосанитария чораларини қўллаш бўйича Битимига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикасининг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш жараёнида ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги миллий қонунчиликни Ташкилотнинг битимларида назарда тутилган қоидалар ва меъёрларга мувофиқлаштириш зарурати юзага келмоқда.

Қонун билан “Ўсимликлар карантини тўғрисида”ги Қонунда келтирилган асосий тушунчалар Ўсимликлар карантини ва ҳимояси бўйича халқаро конвенция доирасида тасдиқланган фитосанитария атамалари луғатига мувофиқлаштирилмоқда.

Шунингдек, ўсимликлар карантини соҳасидаги маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатлари аниқ белгилаб қўйилмоқда.

Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигининг ваколатлари кенгайтирилмоқда. Жумладан, фитосанитарияга оид хавфни таҳлил қилиш, фитосанитария назорати остида хавфларни бошқаришга асосланган танлаб олишнинг автоматлаштирилган механизми тартиб-таомилини тасдиқлаш, карантин остидаги материалларни фитосанитар зарарсизлантириш қоидаларини ва усулларини, ўсимликлар карантини соҳасидаги лаборатория текширувларининг услубларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, фитосанитар зарарсизлантириш бўйича фаолиятни лицензиялаш бўйича талабларни ва тартибни ишлаб чиқиш каби ваколатлари белгиланмоқда.

Шу билан бирга, “Давлат божи тўғрисида”ги ҳамда “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунларга юридик шахсларга фитосанитар зарарсизлантириш бўйича фаолият учун чекланган муддатга лицензия берилиши ҳамда ушбу фаолият учун давлат божи белгиланиши, лицензиянинг номи ва унинг кичик турлари аниқлаштирилиши ҳамда мазкур фаолиятни амалга ошириш чоғида содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар миқдори белгиланишига оид нормалар киритилмоқда.

Сенаторлар томонидан Қонуннинг қабул қилиниши ўсимликлар карантини ва ҳимояси соҳасидаги миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш, фитосанитар зарарсизлантириш бўйича фаолиятни янада такомиллаштириш ҳамда маҳсулотларни халқаро савдода тўсиқсиз айланишини таъминлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Сенаторлар Қонунни маъқуллади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг