Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 20/06/2017 Президент маърузасига муносабат: “Адолат”чилар адолат тарафдори
Президент маърузасига муносабат: “Адолат”чилар адолат тарафдори
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Адолат” СДП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Президент Ш.Мирзиёевнинг жорий йил 13 июнь куни суд органлари ходимлари билан учрашувдаги “Қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш – барча эзгу мақсадларимизга эришишнинг энг муҳим шарти” мавзусида сўзлаган нутқидан келиб чиқадиган Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси олдида турган долзарб вазифалар муҳокама этилди.

Эътироф этилганидек, Президентимизнинг ушбу маърузаси ўзининг туб мақсад- моҳияти кўра Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси дастурий ғояларига муштараклигини билан партиянинг барча даражадаги депутатлари ва фаолларини руҳлантириб юборди. Чунончи, давлатимиз раҳбари ўз маърузасида суд тизимида адолат тамойилларига нечоғли риоя қилинаётгани ҳақида атрофлича тўхтаб ўтди. Жумладан, Юртбошимиз адолат халқимиз учун азал-азалдан тинч ва фаровон ҳаёт мезони, барча эзгуликлар манбаи бўлиб келгани, Соҳибқирон Амир Темур бобомиз “Куч – адолатда” деган ҳикматга амал қилиб, давлат бошқарувини ташкил қилиш, эл-юртнинг тинчлиги ва ободлигини таъминлашга эришганини қайд этиб, бугунги кунда мамлакатимизда ҳуқуқий демократик давлат, фуқаролик жамияти барпо этишда қонун ва адолат устуворлигини таъминлаш энг муҳим вазифа эканлигини таъкидлади.

Бу борада, айниқса, Президентимизнинг фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш орқали халқимизнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мустаҳкамлаш, судни том маънода “Адолат қўрғони”га айлантириш лозимлиги ҳақидаги фикрларини кенг жамоатчилик қаторида “Адолат” СДП фаоллари ҳам мамнуният билан қабул қилишди. Зеро, партия Сайловолди дастури “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони, адолат – ҳар бир инсон учун” тамойилига асосланиши бу борада партия депутатлик корпусининг ҳам масъулиятини яна бир карра оширди.

Давлатимиз раҳбари истиқлол йилларида мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этиш борасида амалга оширилган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтиш баробарида, бу борада ҳали ўз ечимини топмаган камчилик ва муаммоларни ҳам атрофлича таҳлил қилиб, муҳим амалий хулосаларни белгилаб берди.

Айни пайтда соҳа ривожига танқидий ёндашиш, ҳаётнинг ўзи олдимизга қўяётган бир-биридан муҳим ва долзарб вазифаларни самарали ҳал қилиш йўллари ва механизмлари ҳақида билдирилган аниқ таклифлар, амалий ташаббуслар асосида суд идоралари, судьялар фаолиятини бутунлай янгича асосда, самарали ташкил этиш лозимлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Айниқса, кейинги пайтда мамлакатимиз фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонасига бўлаётган мурожаатларнинг катта қисми айнан суд идоралари ва судьялар фаолияти билан боғлиқ экани бу йўналишда кўплаб муаммолар мавжудлигидан далолат бериши, бугунги кунда халқимиз кутаётган адолатли қарорлар қабул қилишга ҳар томонлама қодир, иродаси мустаҳкам, юксак касб ва маънавий фазилатларга эга бўлган суд ходимлари таркибини шакллантириш энг муҳим вазифа эканлиги ҳақида давлатимиз раҳбари томонидан куюнчаклик билан билдирилган фикрлардан партия депутатлари ҳам тегишли хулоса чиқарганликлари қайд этилди.

Шунингдек, адолат ва маънавият – ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалар экани, маънавият бўлмаган жойда ҳеч қачон адолат бўлмаслиги, шунинг учун ҳам судьялар, юрист кадрларни тайёрлаш ва судьялик лавозимига тайинлашда бу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги, суд органлари ва судьялар фаолиятини қонун ва адолат талаблари асосида самарали ташкил этиш бўйича зарур чора-тадбирлар кўриш бўйича белгиланган вазифалар ҳам ҳуқуқий-демократик давлат, маънавий ва ахлоқий етук адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш ҳамда ижтимоий адолат, қонун устуворлиги ва барча фуқароларнинг қонун олдида тенглигини ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган “Адолат” СДП депутатлари зиммасига катта масъулият юклайди.

Шу билан бирга, Президентимизнинг судья лавозимида фаолият кўрсатаётган суд ходимлари ўз фаолияти юзасидан халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида ахборот бериши билан боғлиқ амалиётни йўлга қўйиш вақти келгани, бундан буён судьялар фаолиятига, биринчи навбатда, халқнинг ўзи баҳо бериши лозимлиги, ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиш, қолаверса, маҳалла, корхона ва ташкилотларда сайёр суд мажлисларини ўтказиш ҳақидаги амалий фикр ва таклифлар фракция аъзолари бир овоздан қўллаб-қувватлашларини билдирдилар. Бундай амалиёт судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш ҳамда халқнинг суд тизимига ишончини оширишга хизмат қилиши алоҳида қайд этилди.

Бу ўринда “Адолат” СДП ҳам амалиётда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг жамоатчилик олдида ҳисобот бериб бориш тартибини жорий қилиш, бу ишга оммавий ахборот воситалари вакилларини кенг жалб этиш тарафдори эканлиги, бундай тартиб инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг, суд-ҳуқуқ соҳасида расмиятчиликка ва коррупцияга қарши кураш олиб боришнинг муҳим кафолати ва зарур шарти эканлигидан келиб чиқиб, соҳадаги қонунчиликни такомиллаштиришда фаол иштирок этиш фракция аъзоларининг устувор вазифаси эканлиги белгилаб олинди.

Бундан ташқари, Президентимиз томонидан илгари сурилган судьяларни касбга тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш, Одил судлов академиясини ташкил этиш, судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, жумладан, электрон суд стенографияси, видеоконференцалоқани кенг жорий этиш, суд қарорлари ижросини сўзсиз таъминловчи идоралараро электрон маълумот алмашиш тизимини шакллантириш, одил судловни амалга ошириш жараёнини доимий ўрганиб, муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларни бартараф этиш борасида билдирилган таклифлар ҳам партия дастурий ғояларига тўла ҳамоҳанглиги билан партия фаоллари учун аҳамиятлидир.

Давлатимиз раҳбари томонидан адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш борасида белгилаб берилган вазифалар ўз навбатида адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, “Адолат – қонун устуворлигида” тамойилини амалиётга янада кенг жорий этиш тарафдори сифатида Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда маҳаллий Кенгашлардаги депутатларини ҳам ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишга ундаганлиги алоҳида эътироф этилди.

Йиғилишда Президентимизнинг маърузасидан келиб чиқадиган партия депутатлик корпуси олдида турган аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон “Адолат” СДП Матбуот хизмати

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг