Валюта курслари 25/09/2024
$1 – 12754.83
UZS – 0.06%
€1 – 14202.50
UZS – 0.31%
₽1 – 137.21
UZS – -0.04%
Қидириш
Ўзбекистон 04/07/2017 O‘zLiDePда мустақиллик тадбирлари ўтказилишига оид вазифалар белгилаб олинди
O‘zLiDePда мустақиллик тадбирлари ўтказилишига оид вазифалар белгилаб олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси ҳамда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма мажлиси бўлиб ўтди.

Йиғилишда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори ва O`zLiDePнинг мазкур ҳужжатда белгиланган чора-тадбирлардан келиб чиқувчи асосий вазифалари атрофлича муҳокама қилинди.

Мажлис иштирокчилари таъкидлаганидек, Истиқлол йиллари Ватанимиз учун том маънодаги уйғониш, тикланиш ва юксалиш даври бўлди. Мустақиллик шарофати билан иқтисодиёт, илм-фан, маданият, маърифат, маънавият, демократик жамият қурилиши ва бошқа соҳаларда мислсиз ютуқлар қўлга киритилди. Энг муҳими, бу даврда юртимизда амалга оширилган жамики ислоҳотлар, барча эзгу ишлар халқ манфаати, инсонлар фаровонлиги кўзланган ҳолда изчиллик билан ҳаётга татбиқ қилинди.

Тадбирда сўз олганлар O‘zLiDeP аъзолари, хусусан, депутатлар, партиянинг марказий, ҳудудий ва маҳаллий кенгашлари ходимлари ҳамда сиёсий кучнинг бошқа кўп сонли фаоллари давлатимиз раҳбарининг тилга олинган қарори билан пухта танишиб чиққанини қайд этиб, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда улкан аҳамият касб этувчи мазкур ҳужжатни рўёбга чиқаришга партия муносиб ҳисса қўшишини билдиришди. Зеро, партия куч ва салоҳияти ана шу долзарб вазифани бекаму кўст уддалаш имконини беради.

Аввало шуни таъкидлаш керакки, партиянинг бошланғич ташкилотларидан тортиб то парламентдаги фракциясигача бўлган барча бўғинлари қарор мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ишларида ғоят фаол иштирок этади. Бу борадаги тадбирларда маслакдошлар мустақилликка қадар республикамизда умуман мавжуд бўлмаган, бугун эса жамиятимизнинг қудратли таянчига айланиб бораётган мулкдорлар, яъни, ўрта синфни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида урғу берадилар.

Қарорда белгиланган вазифаларга ҳамоҳанг равишда O`zLiDeP аҳоли орасига чуқурроқ кириб боришга йўналтирилган ишлар миқёсини янада кенгайтиришга киришмоқда. Маълумки, “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун!” деган олижаноб ғоя 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг асосий шиори сифатида эълон қилинган. Бу эзгу даъват O`zLiDeP фаолиятининг асосий тамойилига айлангани эътиборга молик. Партия “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да энг чекка қишлоқлар аҳолиси дарду-ташвиши алоҳида эътиборда” шиори остида жойларда туркум тадбирлар ташкил қилиш орқали халқ ичига теранроқ кириб боришга, одамлар билан ҳамдард, ҳамнафас бўлишга астойдил интиляпти. Партия мазкур тадбирлар мазмун-мундарижасини бундан-да бойитиш, савиясини юксалтириш, асосийси, улар самарадорлигини янада оширишга жиддий эътибор қаратади.

—Партиянинг ёшлар ва аёллар билан ишлаш бўлимларидан ҳам фидойилик, фаоллик талаб этилмоқда, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Рустам Қобилов. — Бинобарин, O‘zLiDeP мамлакатимизнинг барча ҳудудларида йигит-қизларни жисман ва маънан баркамол шахслар сифатида тарбиялашга қаратилган бир қанча лойиҳалар ва тадбирларни ташкил этишни режалаштирган. Жумладан, “Ёшлар қаноти” улуғ айём муносабати билан бошқа тадбирлар қатори “Дурдона” лойиҳаси доирасидаги “Ҳамма ўқиши шарт” танловини ҳам ўтказади. Ушбу тадбир навқирон авлодни китоб билан дўст тутинишга, мумтоз адабиётимиз ва санъатимизнинг гўзал намуналарини ташвиқ қилишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир. Шунингдек, партия маҳаллий кенгашлари қошида “Кексалар эътиборимизда” ёшлар патронаж ҳаракати шакллантирилаётгани, бу тузилма зиммасига қарияларни, кўмакка муҳтож юртдошларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдек хайрли ишлар юкланаётгани диққатга сазовор. Бундан ташқари, тадбиркорлар ва фермерлар мулоқот форуми каби партия лойиҳаларини амалга ошириш ишларини янада фаоллаштириш масаласи алоҳида муҳокама этилди. “Мустақилликка менинг ҳиссам” шиори остида ёшлар форуми, энг чекка ҳудудлардаги хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилишга қаратилган “O`zLiDePнинг 26 та тадбиркор аёли” ва “Ишбилармон аёл” каби партиявий лойиҳаларни самарали ташкил этишга келишиб олинди.

Қарорда баён қилинганидек, “Халқ бой бўлса, давлат ҳам бой ва қудратли бўлади” деган ғоя асосида аҳоли, айниқса, ёшларни тадбиркорликка кенг жалб этиш, оилавий бизнес ва касаначилик, томорқа хўжалигини ривожлантириш учун янги имконият ва преференциялар яратиб бериш, банклар томонидан имтиёзли кредитлар ажратиш, тегишли ташкилотлар орқали зарур ресурслар етказиб бериш тизими йўлга қўйилганини аниқ мисоллар билан кўрсатиш” вазифаси қўйиляпти. Айнан шундан келиб чиққан ҳолда O`zLiDeP бир неча лойиҳа ва тадбирларни амалга оширишни мўлжалламоқда. Хусусан, “Ҳар бир БПТга бир оила” лойиҳаси давомида ҳар бир бошланғич ташкилот халқ депутатлари туман (шаҳар) кенгашидаги партиямиздан сайланган депутатлар билан биргаликда ўзига бириктирилган оиланинг моддий фаровонлигини ошириш ҳамда маънавий, ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга қаратилган муайян ишларни амалга оширади.

Мажлис якунида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари режаси тасдиқланди. O‘zLiDeP маҳаллий ва ҳудудий кенгашлари томонидан аҳолининг кенг қатламлари ва электоратимиз вакиллари иштирокида байрам тадбирлари ўтказилишига оид вазифалар белгилаб олинди. Амалга оширилаётган ишлар миқёсини кенгайтириш мақсадида партия фаолларидан иборат махсус ишчи гуруҳлар тузилди. Шунингдек, улуғ айёмда партиянинг муносиб иштирокини таъминлашга қаратилган бошқа қарорлар қабул қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг