Фуқароларнинг дардини эшитиш, мурожаатларини вақтида ҳал этиш барча мутасадди раҳбарлар олдида турган энг муҳим вазифа сифатида қўйилаётгани одамларнинг эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамламоқда. Буни O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши томонидан бир қатор муттасади ташкилотлар билан ҳамкорликда вилоятнинг Қушработ туманида сайёр қабулда юзлаб мурожаатларнинг аксарияти ижобий ҳал этилганида ўз ифодасини топди.
Қабул жараёнида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги O‘zLiDeP фракцияси аъзолари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, муттасадди ташкилотлар раҳбарлари туман аҳолисидан келиб тушган мурожаатларни уларнинг муаллифлари иштирокида атрофлича кўриб чиқилди.
Фуқаролар томонидан тушган мурожаатларнинг асосий қисми уй-жой, моддий ёрдам, иш ҳақи, пенсия таъминоти ҳамда болалар нафақасини олиш, соғлиқни сақлаш, банк-молия ва солиққа тортиш каби масалаларга оид бўлди.
Тумандаги “Жўш Ота” маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Раъно Раббимова тўлов терминали олиш учун банкка ариза берган, лекин бир неча ойдан бўён мазкур масала ечим топмаётганлиги сабабли уни ҳал этишда амалий ёрдам беришни сўраб мурожат этди. “Халқ банки” туман бўлими ходимлари Раъно Раббимовага уч кун муддат ичида терминал билан таъминлашни ўз зиммаларига олишди.
Баъзи мутасадди ташкилот раҳбарларининг ишга масъулиятсизлиги фуқароларни сарсон бўлишига сабаб бўлмоқда. “Қоратош” маҳалласидаги Шўрча қишлоғида яшовчи Ҳалима Қўшбоқова ва Меҳрибон Сулаймонова коллежни битирган ўғилларини уч йилдан буён ишга жойлаштира олмаётганликларини билдирди ва фарзандларининг бандлигини таъминлашда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ҳам ижобий ҳал этилди. Туман бандлик ва меҳнат муносабатлари бўлими томонидан фуқароларнинг фарзандларига мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришда амалий ёрдам кўрсатилди.
Сайёр қабул жараёни банк кредитларини расмийлаштириш билан боғлиқ бўлган муаммолар етарлича эканлигини кўрсатди. “Қоратош” маҳалласида яшовчи Сирожиддин Темиров йигирма тўртинчи апрель куни кредит ажратишларини сўраб “Агробанк”нинг Қўшрабод филиалига 60 млн. сўм кредит олишни сўраб ариза билан мурожаат килганлиги, лекин бугунги кунгача ҳеч қандай натижа бўлмаганлигини айтди. Мазкур масала банк муассасалари билан ҳамкорликда кўриб чиқилиб, тез орада ҳал қилинадиган бўлди.
Мурожаатлар сон-саноқсиз ва жуда ҳам кўп. Бу эса аҳоли билан мулоқотни янада кучайтиришни, кўтарилаётган муаммоларга ўз вақтида ва оқилона ечим топиш одамлар қалбида ҳаётдан рози бўлиб яшаш, эртасига ишонч билан қараш туйғусининг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Бектош Шодиев, O‘zLiDeP Самарқанд вилоят Кенгаши Матбуот хизмати раҳбари.