Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 13/08/2021 Она бўлақолгин менга, Табиат!
Она бўлақолгин менга, Табиат!

Инсоният юксак мақсадлар сари интилаётган, тараққиёт йўлидан жадал илдамлаётган бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти олдида глобал экологик муаммоларни ҳал этишдек жиддий вазифа турибди. Экологик инқироз, атмосферанинг ифлосланиши - иссиқхона эффекти, озон қатламиниг емирилиши, дунё океанининг ифлосланиши, тупроқ унумдор қатламининг йўқолиб бориши, тропик ўрмонларнинг кесилиши, чўлланиш, чучук сув манбалариниг камайиши, ердаги биохилма-хилликнинг камайиши, маиший чиқиндиларнинг кўпайиши, кимёвий ва токсик моддаларни зарарсизлантириш, иқлим ўзгариши аллақачон бир давлат чегарасидан чиқиб, том маънода глобал экологик муаммоларга айланди.

Юқори сиёсий даражада атроф-муҳит муҳофазаси мавзуси илк маротаба 1972 йили Стокгольмда мазкур мавзуга бағишланган БМТ Конференциясида кўтарилган эди. Айнан ушбу анжуманда “инсон фаровон ва юқори қадр-қимматга эга ҳаётни тақозо этадиган муҳитда яшамоғи лозим” дейилди. Ер юзидаги биосфера деградацияси сабабларини таҳлил этиш мақсадида Атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича бутунжаҳон қўмитаси ташкил этилди. Мазкур Қўмита 1987 йили “Бизнинг умумий келажагимиз” сарлавҳаси остида маъруза тайёрлади. Унда ривожланган мамлакатлардаги исрофгарчилик ва ривожланаётган мамлакатлардаги етишмовчилик экологиянинг ёмонлашувининг асосий сабабларидан бири сифатида тилга олинди. Сайёрамизни сақлаб қолиш учун эса жаҳон ҳамжамияти хатти-ҳаракатини бирлаштириш лозимлиги қайд этилди. Биринчи маротаба “барқарор ривожланиш” тушунчаси, яъни келажак авлод учун табиатни сақлаш, инсон ва табиат уйғунлигига асосланган ривожланиш айнан мазкур маърузада келтирилди.

1992 йили Рио-де-Жанейрода Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Атроф-муҳит ва ривожланиш бўйича конференцияни ташкил этди. Унда иккита асосий ҳужжат – “Рио-деЖанейро декларацияси” ва “XXI йил учун кун тартиби”, шунингдек иккита глобал экологик конвенциялар “Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенция” ва “Биохилма хиллик бўйича Конвенция” қабул қилинди. Бундан ташқари конференция ҳужжатларининг бажарилишини назорат қилувчи БМТнинг барқарор ривожланиш бўйича Қўмитасини ташкил этиш борасида қарор қабул қилинди. Рио-де-Жанейро Декларциясида ривожланиш асосини албатта атроф-муҳит муҳофазаси ташкил этиши зарурлиги қайд этилди. “XXI йил учун кун тартиби”да эса умумий стратегик режа намойиш этилиб, унда барқарор ривожланиш ғоялари аниқ халқаро ва миллий мажбуриятларга киритилди. Ҳар бир мамлакатга иқтисодий, ижтимоий ва экологик режалар асосида барқарор ривожланишнинг миллий стратегиясини ишлаб чиқиш тавсия этилди. Стратегиянинг асосий мақсадларидан бири келажак авлод манфаатларидан келиб чиққан ҳолда атроф-муҳит муҳофазаси бўйича тадбирларни амалга ошириш эди. 2000 йили Мингйиллик саммитида жаҳоннинг етакчи давлатлари БМТнинг Мингйиллик Декларациясини қабул қилиб, унда Мингйиллик ривожланиш мақсадлари белгилаб берилганди.

2002 йили Йоханнесбургда Барқарор ривожланиш бўйича ўтказилган Бутунжаҳон саммитида “Сиёсий декларация” ва “Барқарор ривожланиш бўйича олий даражада Бутунжаҳон учрашувлар қарорларини бажарилиш режаси” қабул қилинди. Сиёсий декларацияда яна бир маротаба барқарор ривожланишга содиқлик қайд этилди. Ушбу ҳужжатда миллионлаб одамларнинг тоза ичимлик сувига ва электр қувватига бўлган эҳтиёжини қондириш, 2015 йилга қадар қашшоқлик даражасини 50 фоизга камайтириш кўзда тутилган эди. Шунингдек режада фойдали қазилма бойликларга ажратиладиган субсидияларрни камайтириш белгиланган. Айнан Режа жаҳон ҳамжамиятининг барқарор тараққиёт йўлидаги ҳаракатини тартибга солиб, белгилаб берди.

Расмий ҳужжатларга кўра барқарор тараққиётга ўтишни бошлаш 2005 йилдан амалга оширилиши лозим эди. 2012 йили БМТ Конференцияси ўтказилганига 20 йил тўлди. БМТнинг атроф-муҳит муҳофазаси бўйича Дастури (ЮНЕП) белгиланган Режанинг 90 та бандидан фақатгина 4 та банди амалга оширилганлигини қайд этди. Бу Режанинг барбод бўлганлигини кўрсатди. Иқлим ўзгариши Режага асосан тўхтатилмаган, денгиз сувининг ишқорлик даражаси пасаймаган, аксинча кўтарилган бўлиб, ундаги жониворларнинг қирилишига сабаб бўлаётганлиги, биологик хилма хиллик йўқолаётганлиги, ўрмон кесилиши 4 баробар кўпайганлиги маърузада қайд этилди. Мазкур муаммоларни ҳал этиш ва барқарор ривожланишга ўтиш учун биосферанинг экологик салоҳиятидан ўйлаб, режа асосида, унга зарар етказмаган ҳолда фойдаланиш лозим. Зеро бугунги кунда биосферадан фойдаланиш кўлами нафақат миллий ҳудудларни, балки давлатлараро маконни қамраб олган.

Экологик таназзулнинг келиб чиқишига асосий сабаб эса иқтисодий ўсиш ва жамиятнинг истеъмолчилик салоҳиятининг ошганлигидир. Яна бир муаммо, ҳануз жаҳон ҳамжамияти глобал биосферадан фойдаланишнинг ҳуқуқий мақомини белгилагани йўқ. Инсониятнинг умумий бойлиги бўлган табиатдан оқилона фойдаланишнинг якдил механизми ишлаб чиқилмади. Она Сайёрамиз заҳираларидан фойдаланишнинг аниқ ҳисоби олиб борилмаяпти. Ернинг биосфера қобиғидан фақатгина энг ривожланган давлатларгина фойдаланишмоқда. Ғарб мамлкатлари ва АҚШ глобал экологик салоҳиятдан фойдаланишдаги юқори улушидан воз кечгилари йўқ. Бу эса уларнинг деградацияси ва талон-тарож бўлишига олиб келмоқда. Агарда атрофга боқсангиз дунё барқарор ривожланишга тескари равишда ҳаракат қилмоқда. Инсон фаровонлигини экологик инқироз ҳисобига ошириш яқин келажакда ўзининг салбий оқибатларини кўрсатиши аниқ. Унинг ягона йўли экологик иқтисод ёки яшил иқтисодга ўтишдир. Буни ЮНЕП бир неча маротаба ўз маърузаларида қайд этган эди. Яшил иқтисод бу қувватни тежовчи буюмларни ишлаб чиқариш, муқобил энергиядан фойдаланиш, атмосферага заҳарли газларни чиқармайдиган, электр қуввати билан юрадиган транспортдан фойдаланиш, сувни тежаш, тупроқ унумдорлигини оширишда кимёвий моддалардан фойдаланмаслик ва ҳоказоларни ўз ичига олади. Мутахассисларнинг фикрига кўра бугунги кундаги мавжуд экотехнологиялардан самарали фойдаланилса электр қувватини 2 баробар, 2025 йилга келиб автомобиллар томонидан ёқиладиган ёнилғини 50 фоизга камайтириш мумкин. Қолаверса, Ер заҳираларидан фойдаланиш ҳуқуқи, эркинлиги ва мажбуриятларини ишлаб чиқиш вақти келди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг