Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 14/08/2021 «Обод маҳалла» дастури ижроси Президент Халқ қабулхоналари назоратида
«Обод маҳалла» дастури ижроси Президент Халқ қабулхоналари назоратида

Республикамизнинг барча ҳудудлари бўйлаб кенг қулоч ёзган бунёдкорлик ишлари пойтахтимиз маҳаллаларида ўз аксини топмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳридаги Президент Халқ қабулхонаси бошчилигида «Обод маҳалла дастури доирасида Чилонзор туманида ҳам катта кўламдаги ишлар бошлаб юборилган.

Иккинчи сектордаги «2-Катта Чилонзор» мавзесида 225-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси 1960 йилда қурилган бўлиб, бош-оёқ эскириб битган эди. Дастур доирасида қарийб 1,4 миллиард сўм ажратилгач, бу ерда ҳам катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари бошланиб кетди. Айни пайтда 120 ўринли муассасанинг томи, эшик-ромлари тўлиқ алмаштирилмоқда. Йўлаклар бетонланиб, канализация тизими янгиланаётир. Болалар айвончалари ҳам тез орада янгидан бунёд этилади.

Шу ҳудуддаги 215-сонли мактабгача таълим ташкилоти қурилганига 61 йил бўлди. Йиллар тўзони ўз кучини кўрсатиб, бу муассаса биноси-ю жиҳозлари, муҳандислик коммуникация тизими, умуман, боғчадаги бутун инфратузилма оғир аҳволга келиб қолган эди. Мазкур муаммоларни ҳал қилиш учун дастур доирасида 1 миллиард 631 миллион сўм ажратилгач, мазкур муассасада ҳам қурилиш-таъмирлаш ишларига киришилди. Жумладан, бино томлари янгиланмоқда, эшик-ромлар янгисига алмаштирилмоқда. Боғчада гуруҳ ва санитария-гигиена хоналари, тиббиёт хонаси, мусиқа зали, ошхона, ўйин майдончалари, ёзги айвончалар барпо этилмоқда.

«Катта Чилонзор» маҳалласидаги 34-оилавий поликлиникада ҳудуддаги  29,2 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатилади. Муассаса биносида  ҳам айни пайтда жорий таъмирлаш ишлари бошлаб юборилган. Бу мақсадлар учун ажратилган 1 миллиард 876 миллион сўм маблағ эвазига поликлиникада шифокорларнинг замонавий шароитда ишлаши учун катта имконият яратилади.

Шу ҳудуддаги 6-сонли мусиқа ва санъат мактабида ҳам ишлар қизғин.  Мактаб биносининг эскирган фасади янгилангач, муассаса чиройли кўринишга келди.

Тўртинчи сектордаги «Фидокор» маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган 359-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси жорий таъмир кўрган, иссиқлик тизимидаги муаммолар бартараф этилиб, дераза ромлар янгиланган бўлса-да, болалар майдончаси талаб даражасида эмас эди. Масала ҳал қилиниб, болажонлар учун махсус замонавий майдонча бунёд этиляпти.

«Обод маҳалла» дастури билан  иккинчи сектордаги «Чарх Камолон» маҳалласининг ҳам буткул таъмирталаб кўчалари равон йўлларга айлантирилмоқда. Айни пайтда маҳалланинг Завқий кўчасидаги 1,9 минг квадрат метр қисми асфальтланмоқда.

Навбатдаги манзилимиз – «Катта Қозиробод» маҳалласи. Кичик ҳалқа йўлида жойлашган кўп қаватли учта уйнинг фасади ҳам, атрофи ҳам олдин кўп абгор эди. Маҳаллани ободонлантириш учун етарлича маблағ ажратилгач, уйларнинг фасади янгиланди, йўлаклар бетонланди. Ички йўлларнинг 3,2 минг квадрат метр қисми асфалътланди. Болалар майдончаси, ворк-аутлар бунёд этилди.

Бу каби бунёдкорлик ишларини  биринчи секторда жойлашган «Шарқ тонги» маҳалласидаги 84-, 85-уйлар атрофида ҳам кузатиш мумкин. Уйларнинг олди асфальтланиб, болажонлар учун майдонча, ворк-аутлар барпо қилинган. Кириш йўлаклари бетон қилиниб, ободонлаштирилган.

Маҳаллаларни ободонлаштириш борасидаги амалий ишлар натижалари «Шарқ» маҳалласида ҳам кўзга кўриниб қолган. Кўп қаватли уйлар олдидаги сўлим сайлгоҳ одамнинг баҳри дилини очади. Бундай масканлар нафақат болаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, балки саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни жисмонан чиниқтиришда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Майдончада ўнга яқин ўйин қурилмаси, очиқ сув ҳавзаси бунёд қилиниб, шинам ўриндиқлар ўрнатилган.

Мавсумий ёғингарчиликлар оқибатида «Зарқўрғон» маҳалла фуқаролар йиғинидаги 23-, 24-уйлар атрофида чўкиш ҳосил бўлгани ҳақида Президент Халқ қабулхонасига мурожаат келиб тушгач, вазият жойига чиқиб ўрганилди. Бу чўкишнинг ёнгинасида болалар майдончаси борлиги унинг хавфлилигини янада кучайтираётган экан. Шундан сўнг зарур техника ва ишчи кучи жалб қилиниб, муаммони жойида ҳал қилишга киришилди.

Шу ҳудуддаги 3-а уй аҳолисидан эса болалар майдончаси қуриб бериш бўйича мурожаат келиб тушган. Тумандаги ободонлаштириш ишлари жараёнида ушбу масалага ҳам ечим топилди. Айни пайтда бу ерда замонавий майдонча қурилмоқда.

«Гулистон» маҳалласига эса янги асфальтланган йўллар орқали  кириб бордик. Белгиланган режага кўра ҳудуддаги 5.5 минг квадрат метр йўл  асфальт қилинади ва ҳозиргача 4 минг квадрат метрда ишлар якунланибди. Бундай равон йўллар билан пиёдалар ва автомобиллар ҳаракатланишига катта қулайлик яратилмоқда.

«Бектўпи» маҳалласида айни пайтда маҳалладаги уйлар атрофлари ободонлаштирилмоқда.

Иккинчи сектордаги «Новза» маҳалласида эса эскириб кетган йўлаклар таъмирланиб, янгиланмоқда. Ҳудуддаги уйлар олдида пиёдалар ҳаракатланиши  ва велосипедда сайр қилиш учун йўлаклар қурилмоқда.

Тўртинчи секторга  ўтамиз. «Ботирма» маҳалласи катта қурилиш майдонига айланган. Кўп қаватли 4 та уй олдида 3 та экскаватор, 3 та кран, 4 та юк машинаси ва 200 нафардан зиёд ишчилар ҳудудни ободонлаштириш билан банд. Бу ерда болалар майдончаси,  воркаутлар қурилади. Ҳозиргача 120 квадрат метр ички йўлаклар барпо қилинди ва бу рақам тез орада икки баробарга оширилади. Шу билан бирга 200 квадрат метр майдонда автотураргоҳ бунёд этилади. Ирригация тармоқлари ҳам янгиланиб, қор-ёмғир сувлари чиқиб кетиши учун шароит яратилмоқда. Уйларнинг фасади бўялмоқда. Аҳоли учун ноқулайлик келтириб чиқараётган сим тўсиқлар олиб ташланаётир.

Бундай бунёдкорлик ишлари Президент Халқ қабулхоналари бошчилигида пойтахтимизнинг бошқа маҳаллаларида ҳам давом этмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг