Ўзбекистон ва Omnitele телекоммуникацияларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Ўзбекистон ва Omnitele телекоммуникацияларни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Финляндиянинг телекоммуникация соҳасидаги етакчи консалтинг ва муҳандислик компанияси — Omnitele вакиллари билан учрашув ўтказди.
Учрашув давомида телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, кенг полосали интернет тармоқларини кенгайтириш, 5G технологияларини жорий этиш ҳамда рақамли боғланишни янада яхшилаш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар мобил алоқа тармоқларини режалаштириш ва оптималлаштириш, маълумотларга асосланган таҳлил воситаларидан фойдаланиш, шунингдек, телекоммуникация соҳасида инвестицияларни самарали режалаштириш бўйича фикр алмашдилар.
Музокаралар давомида Марказий Осиё учун рақамли боғланишни ривожлантиришга қаратилган халқаро ташаббуслар, жумладан, Европа Иттифоқининг Connectivity for Central Asia (C4CA) лойиҳаси доирасидаги ҳамкорлик имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.
Шунингдек, Ўзбекистонда мобил алоқа қамровини янада мустаҳкамлаш, оптик толали инфратузилмани кенгайтириш ҳамда аҳолининг юқори сифатли интернет хизматларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Вазир мамлакатда телекоммуникация соҳасида рақобат муҳитини ривожлантириш, замонавий инфратузилмани яратиш ва аҳолига арзон ҳамда сифатли алоқа хизматларини тақдим этиш устувор вазифалардан бири эканини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, рақамли боғланишни кенгайтириш ҳамда истиқболли халқаро лойиҳалар доирасидаги ҳамкорликни давом эттиришга қизиқиш билдирдилар.