Ўзбекистон ва Жанубий Корея аквакултура соҳасида ҳамкорликнинг янги босқичини бошлади
Ўзбекистон ва Жанубий Корея аквакултура соҳасида ҳамкорликнинг янги босқичини бошлади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 26–31 май кунлари «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси вакиллари ҳамда Балиқчилик илмий-тадқиқот институти илмий ҳодимларидан иборат делегация Жанубий Корея Республикасида хизмат сафарида бўлди.
Ташриф давомида Чежу вилояти ҳокимлиги, Чежу балиқчилик аквакултураси кооперативи (Jeju Fish-Culture Fisheries Cooperative), Чежу балиқчилик илмий-тадқиқот институти раҳбарияти ҳамда соҳадаги йирик компаниялар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди.
Jeju Fish-Culture Fisheries Cooperative Жанубий Кореянинг етакчи балиқчилик кооперативларидан бири бўлиб, денгиз балиқларини етиштириш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш билан шуғулланади. Ушбу ташкилотга аъзо компаниялари томонидан камбала (Olive Flounder) балиғини етиштириш, Eco-smart aquaculture технологиялари, балиқни қайта ишлаш, балиқ касалликларини назорат қилиш бўйича замонавий ускуналар билан жиҳозланган ҳамда балиқ озуқаси ишлаб чиқариш бўйича катта тажрибага эга ҳисобланади.
Учрашув доирасида, Ўзбекистонда аквакултура соҳасини ривожлантириш, денгиз балиқ маҳсулотларини Ўзбекистон шароитида етиштириш, замонавий технологиялар, илмий-ишланмалар ва мутахассислар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, делегация Чежу оролидаги балиқчилик объектлари, денгиз балиқ маҳсулотларини сунъий усулда етиштиришга ихтисосолашган хўжаликлар, лабораториялар, балиқ озуқаси ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишилди. Ташриф доирасида «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси, Балиқчилик илмий-тадқиқот институти ва Чежу балиқчилик аквакултура кооперативи ўртасида уч томонлама “Англашув меморандуми” имзоланди.
Меморандумдан кўзланган асосий мақсад «Ўзбекбалиқсаноат» уюшмаси билан ҳамкорликда камбала (Olive Flounder) балиғини Ўзбекистон шароитида етиштириш бўйича ўрганишлар олиб бориш, истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, денгиз балиқ турларини иқлимлаштириш, малакали мутахассисларни жалб этиш, тажриба алмашиш ҳамда қўшма илмий-тадқиқот ишларини амалга оширишдан иборат бўлиб, бу мамлакатимизда аквакулътура соҳасини ривожлантиришга ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ўз хиссасини қўшади.