Ўзбекистон ва Гонконг Қўшма бизнес кенгашини тузади

Ўзбекистон ва Гонконг Қўшма бизнес кенгашини тузади

Ўзбекистон ва Гонконг Қўшма бизнес кенгашини тузади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва Гонконг Савдо палатаси Ўзбекистон-Гонконг Бизнес Кенгашини ташкил этишни назарда тутувчи ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.

Ҳужжат икки томон ишбилармон доиралари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган.

Янги Бизнес кенгаши Ўзбекистон ва Гонконг тадбиркорлари ўртасидаги ҳамкорлик учун доимий платформага айланади. Унинг фаолияти ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни илгари суриш, шунингдек савдо ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга йўналтирилади.

Келишувни имзолашга тайёргарлик жорий йил март ойида Ўзбекистоннинг Хитойдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиевнинг Гонконг Бош савдо палатасига ташрифи чоғида бошланган.

Кейинчалик томонлар бир қатор учрашувлар ва маслаҳатлашувлар доирасида ишларни давом эттирган. Ҳамкорлик ривожига қўшимча туртки жорий йил май ойида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси делегациясининг Гонконгга ташрифи орқали берилган.

Эришилган келишувларга мувофиқ, амалий ҳамкорлик бизнес-форумлар ўтказиш, B2B форматидаги учрашувларни ташкил этиш, савдо миссияларини амалга ошириш ва бизнес вакиллари ўртасида тажриба алмашиш орқали ривожлантирилади.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида таъкидланишича, меморандум қоидаларини амалга ошириш икки томон тадбиркорлари учун қўшимча имкониятлар яратиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш ва Ўзбекистон ҳамда Гонконг ўртасидаги инвестициявий шерикликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг