Ўзбекистон Республикаси қўшни Афғонистонда сақланиб турган мураккаб вазият муносабати билан, чет эллик ҳамкорларнинг мурожаатларига жавобан, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларига содиқлик руҳида қатор давлатлар билан уларнинг фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш масаласи бўйича яқиндан ҳамкорлик қилмоқда.
Ҳозирги вақтда Германия, Россия, Швейцария, Австрия, Дания, Полша, Словакия, Қозоғистон каби давлатлар билан аэропорт инфратузилмасидан фойдаланиш хизматларини тақдим этиш, ҳаво макони орқали учишга рухсат бериш, аэропортга учиб келиш, қўниш, зарур техник ва логистика ёрдамини кўрсатиш бўйича биргаликда саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда.
Хорижлик ҳамкорлар билан биргаликда дастлабки тарзда келишилган мамлакатларга жўнатилаётган ҳам чет эл фуқаролари, ҳам Афғонистон фуқароларини Афғонистондан эвакуация қилиш ва Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзитини амалга ошириш бўйича тартибли ишлар йўлга қўйилган.
Охирги бир неча кун ичида Ўзбекистон ҳудуди орқали 1982 нафар чет эл фуқаросини эвакуация қилиш таъминланди.
Эвакуация қилинаётган фуқароларга Ўзбекистон ҳудудида қисқа муддатли бўлиб туриш пайтида карантин чораларига қатъий риоя этган ҳолда барча зарур ёрдам кўрсатилмоқда, шундан сўнг кечиктирилмасдан режалаштирилган манзил-мамлакатига жўнатилмоқда.
Бундан ташқари, «Толибон» ҳаракати вакиллари билан шу кескин кунларда Ўзбекистон-Афғонистон чегарасини ноқонуний кесиб ўтган Афғонистон фуқароларининг хавфсизлик кафолатларини олиш бўйича зарур чоралар кўрилди.
«Толибон» раҳбарияти вакиллари билан ушбу тоифадаги шахсларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ ва таъқибларнинг олдини олиш бўйича келишувлар натижасида 150 нафар Афғонистон фуқароси ўз хоҳиши билан ватанига қайтарилди.
Афғонистонга қайтган фуқаролардан олинган маълумотларга кўра, уларга нисбатан расмий процессуал чоралар кўрилгандан сўнг, уларнинг ҳаммаси уйларига қўйиб юборилган ва ҳозирда улар ўз оилалари бағрида тўлиқ хавфсиз ҳолда бўлиб турибди.