Ўзбекистон Президентига кимё саноати лойиҳалари тақдим этилди
Ўзбекистон Президентига кимё саноати лойиҳалари тақдим этилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Саноатни модернизация қилиш, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт салоҳиятини ошириш иқтисодиёт ривожининг устувор йўналишларидан бирига айланмоқда.
Шу мақсадда ташкил этилган “Чирчиқ” кимё-индустриал технопарки бугунги кунда соҳадаги янги авлод саноат майдонларидан бири сифатида шаклланиб улгурди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 3 февралдаги тегишли қарори ижроси доирасида барпо этилган мазкур технопарк кимё маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш, илғор технологияларни жорий этиш ҳамда маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун қулай муҳит яратиш мақсадига хизмат қилмоқда. Умумий майдони 26,4 гектар бўлган ҳудудда муҳандислик-коммуникация тармоқлари ва замонавий инфратузилмани шакллантиришга 25 миллион доллар маблағ йўналтирилди.
Технопаркнинг инвестициявий жозибадорлиги аниқ рақамларда ўз ифодасини топмоқда. Жумладан, 2025 йилда 56 миллион долларлик инвестиция ўзлаштирилиб, 758 та янги иш ўрни яратилди. Йил давомида корхоналар томонидан 60 миллион долларлик 150 дан ортиқ турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Келгуси режалар ҳам улкан. 2030 йилга қадар инвестициялар ҳажмини 207 миллион долларга, товар маҳсулоти ишлаб чиқаришни 294 миллион долларга, экспортни 48 миллион долларга етказиш ҳамда иш ўринлари сонини 2 минг 300 тага ошириш белгиланган.
Шу ерда Президент Шавкат Мирзиёевга технопарк фаолияти, шунингдек, кимё саноатини ривожлантиришга қаратилган илмий-амалий лойиҳалар тақдимот қилинди.
Бугунги кунда минерал ўғитлар ишлаб чиқариш аграр сектор барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга. Йилига 3,7 миллион тонна ўғит ишлаб чиқарилаётган бўлса-да, импорт қилинаётган фосфорли ва сувда эрувчан ўғитларга бўлган талаб тармоқни янада модернизация қилишни тақозо этмоқда. Бу борада 2,8 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган.
Нефть-кимё тармоғида эса полимерларга бўлган ички эҳтиёж ортиб бормоқда. 2032 йилга бориб, мазкур эҳтиёж 3,2 миллион тоннага етиши прогноз қилинмоқда. Ангренда “Кўмирдан олефинлар олиш” ва Қўнғиротда “Нафтани қайта ишлаш” каби йирик лойиҳаларнинг амалга оширилиши ушбу талабни тўлиқ қондириш ва импорт ўрнини босишга хизмат қилади.
Маиший кимё соҳасида ҳам тизимли ишлар олиб борилмоқда. Инвестиция лойиҳалари орқали импорт ҳажмини икки баробарга қисқартириш, ички истеъмолни маҳаллий маҳсулотлар ҳисобига 64 фоизгача етказиш ва экспорт кўрсаткичларини ошириш кўзда тутилган.
#Шавкат Мирзиёев