Ўзбекистон гимнастикада Осиё чемпионатида 16 медаль олди
Ўзбекистон гимнастикада Осиё чемпионатида 16 медаль олди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бишкек шаҳрида бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати якунланди. Мусобақа натижаларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси турнирнинг энг яхши натижаларидан бирини қайд этиб, жами 16 та медални қўлга киритди.
Мусобақанинг сўнгги кунида ўзбекистонлик спортчилар жамоа медаллар жамғармасини 5 та олтин, 2 та кумуш ва 1 та бронза медали билан бойитди.
Тахмина Икромова тўрт карра Осиё чемпионига айланди. У катталар ўртасида ҳалқа, тўп, лента ва булавалар билан машқларда олтин медалларни қўлга киритди.
Терма жамоага яна бир олтин медални Анора Мамажонова келтирди. У ўсмирлар ўртасида булавалар билан машқ дастурида ғолиб бўлди.
Катталар ўртасида лента билан машқларда Наталья Усова кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, Ясмина Зуфарова ўсмирлар дастурида лента билан машқларда кумуш медалга сазовор бўлди.
Наталья Усова катталар ўртасида булавалар билан машқларда бронза медалини ҳам қўлга киритди.
Шу тариқа, Осиё чемпионати якунларига кўра, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақани 12 та олтин, 2 та кумуш ва 2 та бронза медали билан якунлаб, қитъа миқёсида миллий бадиий гимнастика мактабининг юқори даражасини яна бир бор тасдиқлади.