Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугунги глобал дунёда озиқ-овқат хавфсизлиги ва барқарор қишлоқ хўжалиги ривожи ҳар бир мамлакатнинг устувор йўналишига айланган. Ўзбекистон ҳам бу борада катта қадам ташлаб, халқаро ҳамкорликни кенгайтиришни давом эттирмоқда.
Хусусан, Давлатимиз раҳбарининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи доирасида Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва БААнинг нуфузли IFFCO Group компанияси ўртасида имзоланган ҳамкорлик Меморандум ҳам янги истиқболли лойиҳалар учун замин яратди.
Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов иштирокида бўлиб ўтган ушбу келишув икки давлат ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган бўлиб, бир неча асосий йўналишларни ўз ичига олади.
Хусусан, сохта маҳсулотларга қарши кураш ва интеллектуал мулкни ҳимоя қилиш, импорт ҳажмини ошириш, технологияларни жалб қилиш ва ўқув дастурлари ишлаб чиқиш, қўшимча саноат лойиҳаларини амалга ошириш масалалари бугунги кун тартибидан муҳим ўрин эгаллади.
Меморандумга кўра, IFFCO Group томонидан Ўзбекистонга стратегик озиқ-овқат маҳсулотларини, жумладан, ўсимлик ёғи ва унни йилига 10 минг тоннагача экспорт қилиш режалаштирилган. Шунингдек, IFFCO маҳсулотларининг сохталаштирилишига қарши қатъий чоралар кўрилади.
Мазкур компания томонидан Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги маркази ташкил этилади. Шунингдек, келишувларга кўра, келгусида томат пастаси, ўсимлик ёғлари ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича янги лойиҳалар амалга оширилади.
Ташриф давомида вазир иштирокида халқаро стандартларга мос ёндашув ва узоқ муддатли ҳамкорлик учун асос бўладиган бир қатор учрашувлар бўлиб ўтди. Унда икки томон ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди.