Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 26/08/2021 «Ўзбекистон аккредитация маркази» очиқ эшиклар куни ўтказилди
«Ўзбекистон аккредитация маркази» очиқ эшиклар куни ўтказилди

2021 йил 26 август куни «Ўзбекистон аккредитация маркази» ДК томонидан ОАВ ходимлари учун «Ўзбекистон Республикаси Президентининг техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш борасида қабул қилинган Фармон ва қарорлар ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар» мавзуида очиқ эшиклар куни ўтказилди.

Тадбир бевосита «Ўзбекистон аккредитация маркази» ДКда ва кўргазмали намойиш учун «Ўзбек-Турк тест маркази» МЧЖда бўлиб ўтди. Унда ОАВ вакиллари- телевидение, радио, интернет нашрлар ва бир қатор босма нашрлардан журналистлар иштирок этишди.

Маълумки, 2021 йил 2 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида давлат бошқарувини тубдан такомиллаштириш тўғрисида»ги ПФ-6240-сонли Фармони ва «Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 5133-сон Қарори эълон қилинган эди. Ушбу ҳужжатларга кўра тизимни тубдан ислоҳ қилиш ва соҳани ривожлантиришга оид вазифалар белгиланган бўлиб, «Ўзбекистон аккредитация маркази» ДКга ҳам бир қатор йўналишларда ислоҳотларни амалга ошириш вазифаси юклатилган.

Жумладан, Фармонда «халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитация қилинган Ўзбекистон Республикаси резидентлари — мувофиқликни баҳолаш органларига миллий аккредитациядан ўтмаган ҳолда, аккредитация доираси ҳақида «Ўзбекистон аккредитация маркази» ДКни хабардор қилиб, мувофиқликни баҳолашга доир ишларни бажаришга рухсат берилади. Бунда, расмийлаштирилган мувофиқликни баҳолаш ҳужжатларида ILAC/IAF ташкилотларининг тан олиш белгилари кўрсатилиши ва ушбу ҳужжатлар уларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштирилиши мувофиқликни баҳолаш органлари томонидан таъминланиши шарт», дея белгиланган.

Қарорнинг 6-бандида эса қуйидаги вазифалар юклатилган:

- мувофиқликни баҳолаш органларини аккредитациядан ўтказиш фаолиятига халқаро тажрибага асосланган ҳолда ихтиёрий тус бериш ва тартиботини соддалаштириш мақсадида:

- аккредитациядан ўтишга буюртма беришда синов лабораторияларининг аккредитация соҳасига ташқи кўрик тавсифларини (инструментал ва органолептик таҳлиллардан ташқари) киритиши талаби бекор қилинади;

- мувофиқликни баҳолаш органлари ходимларини сифат бўйича эксперт-аудиторликка аттестациядан ўтказиш ва сертификатлаштириш мажбурий талаблари бекор қилинади;

- қонунчилик ҳужжатларида мувофиқликни баҳолаш хизматларини кўрсатиш учун ягона идораларни белгилашга (мудофаа ва давлат хавфсизлигини таъминлаш мақсадларидан ташқари) йўл қўйилмайди.

Очиқ эшиклар кунида «Ўзбекистон аккредитация маркази» ДК томонидан бу йўналишда олиб борилаётган ишлар батафсил сўзлаб берилди. Жумладан, тизимда Фармон ва Қарор ижроси юзасидан ислоҳотлар амалга оширилиши натижасида «хабардор қилиш» вазифаси бўйича 4та синов лабораториялари ва 2та сертификатлаш органи Марказни хабардор қилиши учун имконият яратилади. «Мажбурий аттестацияни бекор қилиш бўйича» 596 нафар эксперт-аудиторлар ва 6152 нафар сертификатланган ходимлар учун мажбурий сертификатлаштириш талаби бекор қилинади. Мувофиқликни баҳолашдаги ташқи кўрикни ўтказиш учун аккредитация олиш талаби бекор қилиниши натижасида эса 268та лабораторияда 52тадан кўрсаткич қисқартирилади. Бу эса аккредитация олиш учун сарфланадиган маблағнинг иқтисод қилиниб, 1,26 млрд сўм лаборатория ихтиёрида қолишига замин яратади. Монополияга чек қўйилиши натижасида эса туризм, уруғчилик, экология ва дори воситалари йўналишларида ўзаро тенг шароитдаги рақобат платформаси яратилади.

ОАВ ходимлари Фармон ва Қарорда белгиланганидек, аккредитация йўналишида олиб борилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш мақсадида «Ўзбек-Турк тест маркази» МЧЖда бўлдилар. Ушбу МЧЖ ҳам халқаро ILAC/IAF ташкилотлари аъзоси ҳисобланган аккредитация идораси томонидан аккредитация қилинганлиги ҳақида «Ўзбекистон аккредитация маркази» ДКни хабардор қилган. Ушбу объектда ҳам мажбурий аттестация ва ташқи кўрик бекор қилинган. «Ўзбек-Турк тест маркази» МЧЖ вакиллари Президент Фармони ва Қарори доирасида олиб борилаётган ишлар ва ислоҳотларнинг фаолиятга олиб кираётган қулайликлари ҳақида ОАВга сўзлаб бердилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг