Бугун, 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида Давлат бошқаруви академияси, Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандумини имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Ҳамкорликдан кўзланган мақсад Ўзбекистон Республикаси Президентининг
2021 йил 4 мартдаги “2021–2025 йилларда фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ–6181-сон Фармони ижросини рўёбга чиқариш ҳамда мамлакатда кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлида “учинчи сектор” учун кадрларни тайёрлаш ва уларни малакасини оширишдир.
Тадбир давомида жорий йилнинг 22 ноябридан 3 декабрига қадар 50 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлар раҳбарлари учун Давлат бошқаруви академиясида малака ошириш курсларини ташкил этишга келишиб олинди. Бу имзоланган меморандумнинг илк амалий натижаси бўлди.
Йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида 2025 йилга қадар жами 750 нафар нодавлат нотижорат ташкилотлар вакилларининг ташкилотни самарали бошқариш, молиявий барқарорликка эришиш, давлат идоралари билан ижтимоий шерикликни ривожлантириш, таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш ҳамда ижтимоий менежмент йўналишларида билим ва кўникмаларини ошириш режалаштирилди.
Таъкидлаш жоизки, сўнгги 5 йилда фуқаролик жамияти инстутларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан:
– фуқаролик жамияти институтлари томонидан илгари сурилган 2000 га яқин ижтимоий ташаббуслар учун давлат бюджетидан жами 190 млрд. сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди;
– ҳар бир вилоят марказида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйлари” ташкил этилиши 700 га яқин нодавлат нотижорат ташкилотларининг бино билан боғлиқ муаммоларини ҳал этди ва уларнинг ижтимоий фойдали фаолияти қайта тикланишига имконият яратди;
– илк бор “Фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” кўкрак нишони таъсис этилди ва 126 нафар фуқаролик жамияти институтлари фаоллари ушбу кўкрак нишон билан тақдирланди;
– нодавлат нотижорат ташкилотлар фаолиятини мониторинг қилиш ва ўрганиш бўйича аниқ тартиб жорий этилиб, уларнинг фаолиятига ноқонуний аралишиш ҳолатларига чек қўйилди ҳамда мониторинг ва ўрганишлар сони 65,3 фоизга камайди;
– соҳани тартибга солувчи қонунчилик эркинлаштирилиши натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлар томонидан ўтказилган тадбирлар сони бир йилнинг ўзида
10 665 тага, хорижий донорларнинг маблағларини жалб этиш кўрсаткичи эса 82 фоизга ошди;
– фуқаролик жамияти институтларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг молиявий манбалари диверсификация қилинди, бунинг натижасида нодавлат нотижорат ташкилотлар секторида 10 000 нафардан зиёд фуқаронинг бандлиги таъминланди, шунингдек, 2 000 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилоти молиявий барқарорликка эришди.