Валюта курслари 20/09/2024
$1 – 12724.84
UZS – -0.12%
€1 – 14223.83
UZS – 0.23%
₽1 – 137.11
UZS – -1.46%
Қидириш
Ўзбекистон 13/09/2016 Нурсултон Назарбоев Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди
Нурсултон Назарбоев Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) -- Нурсултон Назарбоев Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтирди Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов замонамизнинг улуғ сиёсатчиси, узоқни кўра оладиган ва стратегик фикр юритадиган буюк шахс сифатида бутун дунёда юксак обрў-эътибор қозонган эди. Хорижий мамлакатларнинг давлат ва сиёсат арбоблари, фуқаролари у кишининг вафотини чуқур қайғу билан қабул қилди, халқимизга ҳамдард бўлди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида 12 сентябрь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди. Самарқанд халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев кутиб олди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди.

Нурсултон Назарбоев ва Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов қабрига гул қўйдилар ва унинг хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар. Ислом Каримов руҳи покларига Қуръон тиловат қилинди.

Нурсултон Назарбоев Ислом Каримов қадрдон дўсти бўлгани, бир-бирини ҳамиша тушунгани ва қўллаб-қувватлагани, биргаликда халқларимиз ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлагани, Президентимиз Ўзбекистоннинг бугунги тинчлик ва фаровонликка эришиши учун улкан хизматлар қилганини алоҳида қайд этди. Ислом Каримовнинг вафоти бутун минтақа, хусусан, Қозоғистон халқи учун ҳам катта йўқотиш эканини таъкидлади.

Олий мартабали меҳмон Самарқанд шаҳридаги Форумлар мажмуасига ташриф буюриб, Ислом Каримовнинг рафиқаси Татьяна Каримовага чуқур ҳамдардлик изҳор этди.

Форумлар мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг учрашуви бўлиб ўтди.

Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик 1998 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартнома, 2013 йилда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Қозоғистон Республикаси ўртасида Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ва бошқа ҳужжатлар асосида тараққий этмоқда.

Мамлакатларимиз БМТ, ШҲТ, МДҲ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевга халқимизнинг буюк фарзанди, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига ҳурмат бажо келтириш мақсадида мамлакатимизга ташриф буюргани учун миннатдорлик билдирди. Ушбу ташриф меҳр-оқибат ва аҳиллик айёми – Қурбон ҳайити кунларида амалга оширилгани Ислом Каримов билан Нурсултон Назарбоевнинг муносабатлари, дўстлиги юксак даражада бўлганини намоён этди. Бу дўстлик халқларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорликка асос бўлганини, бундай яқин муносабатлар изчил давом эттирилажагини алоҳида таъкидлади.

Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов Ўзбекистоннинг мустақиллиги, иқтисодиёти ва сиёсатини белгилаб берган улуғ давлат арбоби, ўзбек халқининг буюк фарзанди, дунё миқёсидаги етакчи бўлганини алоҳида таъкидлади. Ислом Каримов халқаро анжуманларда ҳар доим ҳал қилувчи ўрин тутганини, энг мураккаб пайтларда ҳам тинчлик ва барқарорликни таъминлагани, Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳамкорлиги ривожига улкан ҳисса қўшганини ёдга олди. Мамлакатларимиз ўртасидаги бу алоқаларни изчил давом эттириш муҳим аҳамиятга эга эканини қайд этди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга оид масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Шу билан Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг мамлакатимизга ташрифи ниҳоясига етди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг