Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 15/11/2021 Миллий марказ ахлоқ тузатиш муассасаларида хотин-қизлар мурожаатлари билан ишлаш бўйича тренинг ўтказмоқда
Миллий марказ ахлоқ тузатиш муассасаларида хотин-қизлар мурожаатлари билан ишлаш бўйича тренинг ўтказмоқда

2021 йил 15 ноябрь куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази мамлакатдаги хотин-қизлар ахлоқ тузатиш муассасаларининг ходимлари учун уч кунлик тренинг ўтказишга киришди.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Маҳбус аёллар билан муомала қилиш ва ҳуқуқбузар аёллар учун озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо чораларини қўллашга тааллуқли қоидаларига («Бангкок қоидалари»га) бағишланган ушбу тренинг, коронаврус шароитларини ҳисобга олган ҳолда, онлайн ва офлайн шаклларда бўлиб ўтмоқда.

Тадбир Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Дания қийноқларга қарши институти (DIGNITY) ҳамкорлигида ташкил этилди.

Мазкур тренинг «Инсон ҳуқуқлари ойлиги» ҳамда Миллий марказ билан ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги Лойиҳалари мувофиқлаштирувчисининг «Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш миллий тизимини барқарор ривожлантиришга кўмаклашиш» мавзусидаги қўшма лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда.

БМТнинг «Бангкок қоидалари» қамоқда сақланаётган хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги энг муҳим ҳужжат ҳисобланади. Унда қонун чиқарувчи ва суд ҳокимияти органлари вакиллари, шунингдек қамоқхоналар ходимлари учун ниҳоятда зарур услубий тавсиялар баён этилган.

Ҳужжатда қамоқда сақланаётган хотин-қизларнинг ҳаёт тарзига бевосита тааллуқли бўлган эҳтиёжларини қаноатлантириш тартиб-таомиллари атрофлича акс эттирилган. Бундан ташқари, муқобил қарорлар қабул қилиш йўли билан қамоқда сақланадиган аёллар сонини камайтиришга доир муҳим йўл-йўриқлар қайд этилган.

Айни чоғда, «Бангкок қоидалари» қамоқда ўз ота-оналари билан бирга сақланаётган болаларнинг эҳтиёжларини таъминлашга қаратилган илк халқаро ҳужжат ҳисобланди.

Бу ҳужжат нормалари амалдаги БМТнинг Маҳбуслар билан муомала қилишнинг минимал стандарт қоидалари ва Қамоқда сақлаш билан боғлиқ бўлмаган чораларга доир минимал стандарт қоидалари («Токио қоидалари») талабларига қўшимчадир.

«Бангкок қоидалари»да қамоқ режими билан боғлиқ кенг кўламдаги масалалар: соғлиқни сақлаш, реабилитация дастури, яқинлар билан кўришиш ҳуқуқи, қамоқхона ходимларини ўқитиш каби соҳаларга оид услубий принциплар қамраб олинган.

Тренинг давомида иштирокчилар «Бангкок қоидалари»ни иш жараёнида қўллаш ва қамоқхоналарни гендер билан боғлиқ хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда бошқариш бўйича амалий кўникмаларини оширади. Соҳада учраётган ҳуқуқбузарликлар ҳамда маҳбусларни қийноқ ва шафқатсиз муомаладан ҳимоя қилиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Ўз навбатида, ушбу тренинг «Бангкок қоидалари»ни амалиётга татбиқ этиш борасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳамкорликни кучайтириш истиқболларини белгилаб олишга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг