Валюта курслари 29/11/2024
$1 – 12865.05
UZS – 0.13%
€1 – 13550.76
UZS – 0.28%
₽1 – 116.73
UZS – -2.78%
Қидириш
Ўзбекистон 17/08/2021 Меҳнат муҳожирлигининг кутилмаган муаммолари
Меҳнат муҳожирлигининг кутилмаган муаммолари

Йигирма ёшли Бахром (қаҳрамоннинг илтимосига биноан унинг исми ўзгартирилган) ва унинг бригадасидаги бошқа бир неча киши уч ҳафта давомида иш ҳақини кутишган. Ва шу вақт ичида улар ушбу ишга таклиф қилган ватандошлари уларни алдаганига ишонгилари келмасди ...

Бахром - ҳамқишлоғи Йўлдошга ишонган ва Қозоғистондаги ўзига ром этувчи ишнинг истиқболидан жуда мамнун бўлган саккиз нафар меҳнат муҳожирларидан бири. Бахромнинг ўзи Йўлдошни юзма-юз танимас эди, лекин у кўпчиликни 1000 АҚШ долларлик маош билан ишлашга чақирганини эшитганди. Агар шунча одам ишонаётган бўлса, на касбий маълумотга ва на мутахассисликка эга бўлган шу - 20 ёшли йигит қандай ишонмасин.

«Менга иш шароитлари ва иш ҳақи тўғрисида аниқ маълумот беришмади. Улар шунчаки нима қилиш кераклигини тушунтиришди ва мен ҳозиргидан икки баравар кўпроқ пул ишлашимни айтишди. Шунингдек, у менга ва мен билан ишлашга борган дўстларимга биринчи тўловни келишимиз билан дарҳол оламиз, деб ваъда берди, аммо бундай бўлмади», – деб эслайди Бахром.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи Меҳнат Миграцияси Агентлигининг расмий маълумотларига кўра, 2021 йил май ҳолатига кўра 1,7 миллионга яқин ватандошларимиз чет элларда, асосан Россия ва Қозоғистонда ишлашган. Афсуски, уларнинг камчилиги иш ҳақида аниқ тушунчага эга, иш берувчи билан тузилган шартнома ҳақида эса, гапирмаса ҳам бўлади.

«Етиб борганимизда, бизнинг паспортларимизни рўйхатдан ўтказиш учун йиғиб олишди. Кейин биз бир неча марта қайтариб беришларини сўрадик. Аммо бизга ишларни тугатганимиздан сўнг паспортларни олишимизни ва бизга ҳужжатларни Йўлдош қайтариб беришини айтишди. Уч ойдан кейин ишимизни тугатганимизда, иш берувчи барча пулни Йўлдошга тўлаганини айтди», - дейди Баҳром.

«Бу ҳақиқий одам савдоси сценарийси. Одамларга юқори иш ҳақи ваъда қилинади, ҳужжатлари олиб қўйилади, сўнгра турли йўллар билан, зўравонликкача бориб, уларни маошсиз ишлашга мажбур қилинади», - дейди Термиз шаҳридаги «Истиқболли авлод» нодавлат ташкилоти бўлими юристи Эркин Муродов.

Бахром билан биргаликда етти киши ташкилотдан ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Барчаси 4 кун ичида Ўзбекистонга қайтариб келинди.

Одам савдосини бошидан кечирганларнинг айтишича, улар қурилиши тугалланмаган бинода яшаган. Ўша ерда овқатланишган. Иш берувчи ойига 100 долларга озиқ-овқат сотиб олиб келиб берган ва озиқ-овқат тугагач, қурувчилар картошка ва нон ейишган.

«Энг ачинарлиси, бу умидларимизнинг саробга айланиши эди. Барчамиз учун биздан фойдаланганликларини англаш қийин эди. Аммо биз бир-биримизни тинчлантиришга  ва охир-оқибат, бизга ҳақ тўлашларига ишонишга ҳаракат қилдик", – деб эслайди Бахром. У илгари одам савдоси тўғрисида ҳеч қачон эшитмаганлигини, бу унинг ватанидан – Ўзбекистондан ташқарида ишлашнинг илк тажрибаси бўлганлигини, шунинг учун бундай бўлишини кутмаганлигини таъкидлади.

 «Меҳнат муҳожирлари кўпинча бошқа давлатга ишлаш учун кетаётганда, айниқса улар борадиган мамлакат қоидалари ва қонунларини билмаса, одам савдоси қурбонига айланиш хавфи билан юзма-юз келадилар. Аҳолини одам савдоси ва ўзларини бундай ҳолатлардан қандай ҳимоя қилиш тўғрисида хабардор қилиш учун бизнинг лойиҳамиз одам савдосига қарши кураш бўйича Кичик комиссиябилан биргаликда Телеграм иловасида @salom_migrant_bot чат ботини ишга туширди, бу ерда ҳамма одам савдоси ва хавфсиз миграция ҳақида бепул маслаҳат ва маълумот олишлари мумкин», - дея, хабар қилади Winrock International томонидан амалга оширилган USAIDнинг «Марказий Осиёда Хавфсиз Миграция» лойиҳасининг мамлакат координатори Нодира Саидкаримова.

«Мен чет элга кетаётганларга эҳтиёткор бўлишларини, улар муаммолар юзага келганда қаерга мурожаат қилишларини билишлари учун иш берувчи билан тузилган шартномани ўрганиб чиқишларини маслаҳат бераман, агарда улар буларнинг барчасини билмасалар, яхшиси умуман кетмасинлар», - қатъиян таъкидлади Бахром.

Агар сиз ёки сизнинг яқинларингиз одам савдоси билан боғлиқ ҳолатларга дуч келса, қуйидаги алоқа маълумотлар орқали ёрдам сўраб, мурожаат қилишингиз мумкин:

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссиянинг ишонч телефони: +99899 311 01 01

«Истиқболли авлод" нодавлат нотижорат ташкилотининг ишонч телефони: +998 95 143 9494

@salom_migrant_bot телеграм боти орқали онлайн ишонч линияси, сизнинг мурожаатингиз одам савдосига қарши кураш бўйича Кичик комиссияга юборилади.

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик хизматлари: https://mfa.uz/uz/pages/about-missions

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг